
Ўзбекистонда иш юритиш жараёнларида рус тилидан фойдаланиш республика фуқароларининг манфаатларига мос келади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова 14 май куни ўтказилган брифинг вақтида маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
Захарова Ўзбекистон давлат идораларининг ўзбек тилида иш юритишини белгиловчи қонун лойиҳаси тўғрисидаги саволларга изоҳ берган.
“Ўзбек томонининг мавжуд мурожаатларига мувофиқ, Ўзбекистонда рус тилини ўқитиш борасидаги тўлиқ дастурни яратиш бўйича ҳамкорликда фаол ишлар олиб борилмоқда”, — дейди Россия ТИВ вакили.
Журналист ва филолог Элдар Асанов Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарованинг Ўзбекистонда рус тили билан боғлиқ вазияти бўйича берган баёноти юзасидан ўз фикрини билдирди.
Рус тилининг энг катта муаммоси Россия ҳукуматидир. Ўзбекистондаги, Қозоғистондаги, Болтиқбўйидаги рус тилли зиёлилар ва фуқаролар қанчалар ақлли, асосли аргумент келтирмасин, қанчалик дўстона муносабатларга ва бағрикенгликка урғу бермасин, Кремль аралашадида, бу ерда империал мақсадлар ва ғирромлик борлигини кўрсатиб қўяди.
“Қолдирилган изоҳларнинг аксарияти шуни кўрсатадики, рус тилининг расмий тартибда сақланиши тарих руҳи ва муносабатларимизнинг замонавий сифатига, асосийси — Россияда ўқиш ёки ишлашни танлайдиган фуқароларнинг манфаатларига тўла мос келади”, – дейди Мария Захарова.
Бу опа қанчалик чиройли гапирмасин, империалистик ўтмишга, хусусан, Ўзбекистон Россия колонияси бўлганига, Ўзбекистон Россияга иқтисодий жиҳатдан боғлиқлигига урғу бериб турибди. Шунданам билса бўладики, Кремль тиллар ўртасидаги тенглик, халқлар ўртасидаги бағрикенгликни эмас, рус тили орқали бошқаларга босим ўтказишни ва бунда бошқа давлатлардаги рус тилли аҳолидан фойдаланишни ўйлайди.
Иқтибосда айтилаётган дўстлик руҳини сақлаш ҳамда ўзбекистонлик муҳожирларнинг ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Россияда ўзбек тилини давлат тили деб эълон қилишни, рус тили имтиҳонларини бекор қилишни таклиф қиламан. Бу таклифга Мария Захарова нима деркин?
Ҳая, яна бир шедевр эсдан чиқиб қопти. Нима эмиш, “давлат тилида иш юритиш тарафдорлари жуда оз” эмиш. “Ўзбек тилли сайтларни ўқиб, ўзбеклар билан мулоқот қилиб кўр гапиришдан олдин”, дейдиган одам йўқ.
Собиқ мустамлакаларда рус тили сиқиб чиқарилаётганига асосий сабаб Кремль аралашувидир. Қанчалар демократ, бағрикенг бўлма, “бир пайтлар менинг тилимда гапиргансан, тарих руҳига мос бу”, деб турган томон эртага “Ўзи ўтмишда менга тегишли бўлгансан, қайтақол”, демаслигига кафолат йўқ. Россия империалистик амбицияларини тийиб олмаса, бошқа давлатлар рус тилини таҳдид сифатида кўришда, бундан эса рус тилли аҳоли азият чекишда давом этади.
