NO FOTO, NO VIDEO. Ички ишлар ходимлари орзу қилган қонун лойиҳаси кун тартибидан олиб ташланди

Журналист Ильёс Сафаров:

Ички ишлар вазирлиги қонунчилик палатасининг ялпи йиғилишда ИИВ ходимлари (нормада барча ҳуқуқ тартибот ходимлари дейилган) видеосини уларни “обрўсизлантириш” мақсадида тарқатганлик учун 15 сутка қамоқ жазосини белгилайдиган қонунни депутатлар тасдиғидан ўтказмоқчи бўлган.

Вазирлик шу қонунни ўтган сафар жамоатчилик эътирози туфайли Вазирлар Маҳкамаси қарори орқали тасдиқлатолмаган ва бугун депутатлар қўли билан кодексга киритмоқчи бўлди.

Лекин, қонунчилик палатасида ўтган бугунги фракция йиғилишларида қонун лойиҳаси (фото, видео = 15 сутка) жамоатчилик эътирозларидан келиб чиқиб, кун тартибидан олиб ташланибди.

“Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда фракция мажлисида кўриб чиқилиши керак эди.

Қонун лойиҳасида охирги вақтларда кенг жамоатчилик томонидан фаол муҳокама қилинаётган йўл ҳаракати ходимларини видео ва фототасвирга олиб тарқатиш масаласида ҳам катта миқдорда жарима белгиланиши кўзда тутилган.

Унга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини улар ўз хизмат бурчларини, яъни жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ хизмат вазифаларини бажариш чоғида олинган фото ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида Интернет ахборот тармоғида жойлаштириш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорда жарима ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши кўрсатилган.

Мамлакатимиздаги катта ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар очиқлик, ошкоралик, халқ олдида ҳисобдорлик, жамоатчилик назоратини кучайтиришга асосланаётган даврда ҳуқуқ-тартибот ходимларининг фаолияти фото ва видео тасвирларга олиниши чекланиши нотўғри ёндашув экани айтилди.

Юқоридаги омилларга асосан қонун лойиҳасини фракция мажлисида кўриб чиқиш рад этилди”, — дейилади Ўз ХДП хабарида.

Лойиҳа кун тартибидан олингани ҳақидаги хабар шунингдек, ЎзЛиДеП ва “Адолат” партияси вакиллари томонидан ҳам тасдиқланди.

P.S: Умид қиламан, шонли милициямиз халққа қарши ишлайдиган шу каби шармандали лойиҳаларни кун тартибига бошқа қайтармайди. Тизимнинг бусиз ҳам ечилиши керак бўлган масалалари жуда кўп.

Айтганча, Парламент ичкарисидан келаётган маълумотларга кўра, лойиҳа фракция йиғилишида тасдиқдан ўтиши ва қонун сифатида қабул қилинишини “Миллий тикланиш”нинг барча, Экопартиянинг тенг ярим депутатлари ёқлаган экан.

Ким нима қилиб юрганини ҳам билиб қўйинг дейманда.