Шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Туркияга келди

Анқарада жорий йилнинг 22 июнь куни, Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Саудия қиролининг ўғли – валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмонни қабул қилди.

2018 йилда журналист Жамол Қошиқчи Саудиянинг Истанбулдаги консуллигида ўлдирилиши ортидан Туркиянинг ушбу мамлакат билан алоқалари совуган эди.

АҚШ разведкасига кўра, журналистни қатл этиш буйруғини шаҳзоданинг ўзи берган. Туркия суди ҳам шундай гумонда эди.

Турк маҳсулотларига Саудиянинг норасмий эмбарго қўллагани ортидан икки томонлама савдо ҳажми 5 миллиард долларга қисқарганди.

Иқтисодий инқироз ёқасидаги Туркия Қошиқчининг суд ишини қироллик ихтиёрига топшириб, Саудия билан алоқаларни мустаҳкамлашга қарор қилди.

Мамлакатга инвестиция жалб этиш мақсадида Туркия Бирлашган Араб Амирликлари, Миср ва Исроил билан ҳам алоқаларни яхшилашга уринмоқда.