Ўзбекистонда майнинг қилиш учун пулли рўйхатга олиш тизими жорий қилинади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида (НҲҲЛМП) Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг Крипто-активлар майнингини рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида бўйруғи лойиҳаси жойлаштирилди.

Лойиҳада Ўзбекистон ҳудудида майнинг қилиш учун пулли рўйхатга олишга рухсат бериш кўзда тутилган. Майнинг билан шуғулланиш учун юридик шахс томонидан қуёш фотоэлектр станциялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Рўйхатдан ўтган ва сертификат олган майнерлар, амалга оширилган операциялар тўғрисидаги маълумот ва ҳисоботни рўйхатга олувчи орган томонидан белгиланган муддатлар ва тартибда фақат электрон шаклда тақдим этишлари шарт.

Майнингни амалга ошириш натижасида даромад сифатида олинган крипто-активлар солиқ солинадиган объект ҳисобланмайди ва солиқ солинадиган базага киритилмайди. Майнерлар томонидан амалга ошириладиган бошқа фаолиятдан олинадиган даромадлар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ умумий белгиланган тартибда солиққа солинади

Майнингни амалга ошириш натижасида олинган крипто-активлар майнерлар томонидан Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтган крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерларининг электрон платформаларида реализация қилиниши лозим.