Ўзбекистонда, 1 м³ табиий газ нархи 380 сўм, юридик шахслар учун эса 1100 сўм (албатта алоҳида нархлар ҳам мавжуд). Солиштириш осон бўлиши учун ҳар 1000 м³ учун нархларни АҚШ долларида ҳисобласак. Аҳоли учун 1000м³ табиий газ 34 доллар ва юридик шахслар учун эса100 долларга тенг.

Табиий газ учун дунё бўйича ягона нарх мавжуд эмас. Тасаввур қилиш осон бўлиши учун мисол тариқасида Европадаги нархларга тўхталсак.

Охирги 5 йилдаги табиий газ нархлари пандемия давригача ўртача 1000м³ учун 300 доллар атрофида, пандемия даврида 80 -100$ гача, энг yuqori нарх эса шу йил қайд этилган бўлиб деярли 4000 долларга етган эди, ҳозирги кунда эса 1000 доллар атрофида шаклланган.

Бу нархлар ҳам аслида Европадаги аниқ нархларни кўрсатмайди, Европа давлатлари табиий газни турли давлатлардан сотиб олади, шунга мувофиқ турли хил нархлар шаклланади, юқоридаги нарх эса индекс нархи ифодалайди холос.

Хитойнинг 1000м³ газни қандай нархларда импорт қилиши ҳақида аниқ маълумотлар топиш қийин, айнан Ўзбекистондан нечи м³ газни қандай нархларда импорт қилаётганлигини ҳар иккала томон ҳам тўлиқ очиқламайди. Аммо баъзи очиқ маълумотлар орқали тахминий ҳисоб китобларни амалга оширишга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Мана бу ердаги маълумотларда Ўзбекистон Хитойга 2021 йилнинг 10 ойи давомида 3,4 млрд м3 ёки 601млн долларлик газ сотгани айтилган. бир нечта математик ҳисоб китоблар bilan мамлакатимиз Хитойга ҳар 1000м³ табиий газни 175$ дан экспорт қилинганлиги билиб оламиз.

Статистика қўмитасининг маълумотларида эса жорий йилнинг 9 ойида 2,02 млрд. долларлик товар ва хизматлар, шу жумладан 779 млн. долларлик табиий газ Хитойга экспорт қилингани қайд этилган. Шунда жорий йилнинг 9 ойида газимиз ўтган йилги нархларда сотилган деб ҳисобласак унда жами 4.45 млрд. м³ газни ёки тахминан 9 ойлик жами қазилган газнинг 10% дан кўпроқ қисми экспорт қилинган бўлиб чиқади(албатта жорий йилда газ нархида турли тебранишлар кузатилганлигини ҳисобга олсак экспорт ҳажми юқоридаги ҳисоб китобларда бироз фарқ қилиши мумкин лекин бу умумий хулосани ўзгартирмайди).

2021 -йил маълумотларига кўра жами 53.8 млрд. м³ газ қазиб чиқарилган бўлиб, «Ўзбекнефтгаз» корхонаси 34.1 млрд. м³, Россиянинг Лукоил корхонаси эса 13.8 млрд. м³ ишлаб чиқариши кўзда тутилган

Холис қаралганда Ўзбекистондаги чет эл компаниялари қазиб чиқарган газнинг бир қисмини Хитойга, қолганини эса Ўзбекистонга сотаётган бўлиб чиқади(тахминий ҳисоб китобларга кўра). Шу ўринда ҳукуматимиз хорижий газ қазиб чиқарувчи компаниялардан қиммат нархда олиб (балки 175$ дан) аҳоли учун 34$, бизнес учун 100$ сотаётган бўлиши мумкин(худди бир неча йил олдин кузатилгани каби). Ҳукуматимиз энергетика соҳасида жуда катта босим остида, шундай қийин танлов олдида ҳукумат кимга ён босишни аниқлаштириб олиши керак. Айтиш керакки, ўн минглаб инсонлар вақтларини газ қуйиш шохобчаларида навбатларда туриб ўтқазаётган бир вақтда, yer остидаги қувурлардан миллиардлаб м³ газ Хитой халқи учун сотилмоқда.

© Ҳимматов С