Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 3 892,4 минг сўмга етган. Бу ҳисобга қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектлари кирмайди. Қўшилмаган сегментлардаги ҳисоблар инобатга олинса, ҳақиқий ўртача иш ҳақи юқоридаги рақамдан 20%гача пастроқ чиқади.
Лекин бу асосий муаммо эмас. Асосий муаммо ҳудудлар ва тармоқлар бўйича тобора кенгайиб бораётган фарқлардир.
Ҳудудлар орасида энг кўп ва энг кам ойлик иш ҳақи ўртасидаги фарқ 2,18 баробарга етган. 2021 йилда бу фарқ 2,06 баробар, 2020 йилда эса 1,94 баробар эди. Иш ҳақлари ўртасидаги фарқлар ошиб бораётган бир шароитда нега бизнес ишлаб чиқаришни арзон ишчи кучи бор ҳудудларга кўчирмаяпти, деган савол бошқатдан қўйилиши ва унга ёқимсиз жавобларни эшитишга тайёр бўлиш зарур.
Тармоқлар ўртасидаги фарқнинг кенгайиши статистика агентлигининг ўзи тақдим этган инфографикада ҳам акс этган. Изоҳга ҳожат йўқ.
2022 йилда аҳоли жон бошига умумий даромадлар 17,8 млн.сўмни ташкил этган. Жон бошидаги даромадларнинг ўсиши 19,8%ни, жон бошига реал даромадларнинг ўсиши эса 7,5%дан иборат бўлган. Ўтган йили бу кўрсаткич 9,9% бўлган ва корректировкадан кейин 10,7% этиб кўрсатилган. Тарихий кўрсаткичлар Ўзбекистонда доим корректировка қилиб борилади ва одатда ўсиш суръати тузатишлардан кейин янада ошади.

Энг бой ва энг камбағал ҳудудлар ўртасидаги фарқ ортишда давом этмоқда ва бу фарқ 2,83 баробарга етган (ўтган йили 2,76 эди).
Даромадларнинг жон бошига энг юқори суръатда реал ўсиши пул ўтказмаларига боғлиқлик баланд бўлган Хоразм (+11,8%) ва Сурхондарёда (+10,6%) қайд этилган. Меҳнат ҳақига боғлиқлик баланд бўлган Навоий вилоятида жон бошига реал даромадлар қисқарган (-0,9%).
Умумий даромадлар таркибида меҳнат фаолиятидан олинган даромадлар улуши 65%дан 61,6%га пасайган, трансфертлар бўйича эса 26,2%дан 29,8%гача ўсган.
Мустақил равишда банд бўлганларнинг жами даромадлардаги улуши 37,4%дан 33,3%гача пасайган.
Аҳолининг умумий даромадлари таркибида ташқи трансфертларнинг улуши энг баланд ҳудудлар Хоразм (31,1%) ва Самарқандда (28,8%) бўлиб қолмоқда.