Ўзбекистон мустақиллигига 32 йил тўлди. Сал кам бир асрнинг учдан бири. Катта давр! Давлатчиликнинг ҳолати ва йўналишини, қадриятлар ва институтларнинг аҳволини таҳлил қилиш учун – яна бир фурсат.

Мустақиллик байрами кунлари жамиятнинг шу санага, шу воқеага муносабатларини кузатдим. Ижтимоий тармоқлар одамларнинг ички кайфиятлари, қарашларини билдириш ва билиш имкониятини беради. Ижтимоий онгда Мустақилликни “давлатнинг байрами”, “ҳокимиятнинг, ҳукуматнинг байрами” деган позиция, анчагина кучли. Бу билан, халқда давлатга нисбатан бегоналашув даражаси мавжудлигини кўрсатади.

Бу, бир томондан, табиий. Чунки, ҳалигача қадар давлат ва жамиятнинг ўзаро боғлиқлик ришталари, анча заиф. Сиёсий маданият тез ўзгарувчан нарса эмас. Ўтмишдаги ҳокимиятларга ишончсизлик, тезда ювилмайди. Қолаверса, ҳозирда ҳам, давлатнинг жамият ишончига кириш даражаси юқори эмас. Бу – катта мавзу. Ҳали бу борада катта таҳлилий мақолалар ёзиб, фикрларни муфассал шарҳлаш керак бўлади.

Ўзбекистонда ижтимоий психологияни ўрганиш, уни тафтиш ва таҳлил қилиш даражаси юқори эмас. Ижтимоий психология – бу бутун бир халқнинг, миллатнинг, аҳолининг қарашлари йиғиндисидир. Ижтимоий тафаккурга қўл суқиб, давлатнинг легитимлик даражаси-ю, барча муҳим қадриятларнинг ҳолатини тарозига солиб, ўлчаб кўриш мумкин бўлади. Ўзбекистон давлатчилиги қўрқаётган масалаларни, ижтимоий тафаккур ва қарашларни таҳлил қилиб, ушбу қўрқувларни сезиларли даражада пасайтириши ёки йўқотиши мумкин эди.

Менда Ўзбекистон ижтимоий кайфияти, қарашлари, қадриятларининг 15-20 йил олдинги ҳолати билан, бугунини қиёслаш имконияти бор. Ўзбекистонда танқидий фикрлаш ошиб бормоқда. Бу бир томондан, муаммоларни англаш билан, иккинчи томондан, нисбий эркинлик билан белгиланади.

Лекин, Ўзбекистон ижтимоий тафаккури анча динамик ўзгармоқда. Ўзбекистонда ўсиш динамикаси ҳаракатга келган. Агар жиддий хатолар қилинмаса, бу ўсиш давом этади. Ўзбекистон – модерн давлатга айланиб бормоқда. Ўзбекистон модернизмни фақат кўчириб олаётгани йўқ, уни англаб, ўзи яратиб бормоқда.

Энди, Мустақиллик – бу давлатнинг байрами эмас. Бу – Миллатнинг байрами. Миллат – бу халқ ва давлатнинг бирлигидан пайдо бўладиган нарса. Сиёсий тизимларнинг табиати ўзгариб бораверади, лекин давлат ва Миллат қолаверади.

Эндиги асосий масала – давлатни халққа, жамиятга тўлиқ боғлаш санъатидир. Бу осон бўлмайди. Лекин, шунга эришилганда, ҳақиқий Миллат пайдо бўлади. Давлат энг қудратли поғонага чиққан бўлади. Миллат – халқнинг эркин руҳияти бўлиб ўзини кўрсатади, давлат эса халқнинг танаси бўлиб куч-қудрат ифода этади.

Камолиддин Раббимов