Нохуш ишора: Ўзбекистонда ажримлар кўпайиб туғилиш камаймоқда

2024 йилнинг январь-февраль ойларида 137 457 нафар тирик туғилиш ҳолатлари қайд этилган. Бу 2023 йилнинг тегишли даврига (141 090) нисбатан 3 631 (2,6%) нафарга кам.

Ўзбекистонда йиллик туғилиш сони 2018 йилдан буён узлуксиз ўсиб келаётган эди. Тескари тенденция муваққат четланишми ёки янги тенденциянинг бошланишими, хулоса чиқаришга анча эрта.

Лекин айрим трендлар бу ҳолат давом этиши мумкинлигини кўрсатади.

Биринчидан, қайд этилган никоҳлар сони иккинчи йил кетма кет қисқармоқда ва 2023 йилда янги даврдаги энг кам никоҳ рўйхатга олинган (283,8 минг). Бундан камроқ кўрсаткич 2016 йилда қайд этилган (275,0 минг).

Иккинчидан, ажралишлар сони сунъий бюрократик тўсиқларга қарамай, 2023 йилда барча даврлардаги максимумга 49,2 мингга етган. Бу рақам мавжуд реалликни ифодаламаслиги ва аввалги йиллардаги тўсиқларнинг юмшатилиши эффекти бўлиши ҳам мумкин.

Учинчидан ва бу энг асосийси, даромадларнинг ўсиши кескин секинлашгани. 2023 йилда жон бошига реал даромадлар ўсиши пандемия йилини ҳисобга олмаса, охирги 7 йилдаги энг паст кўрсаткичгача секинлашган (2,4%). 5 та ҳудудда эса реал даромадлар қисқарган.

Ўзи янги даврда туғилишнинг кескин ортиши даромадларнинг ўсиши билан юқори корреляцияда бўлган эди. Туғилиш динамикаси узоқ муддатли тренди яна урбанизация, гендер чақириқлари, миграция, эртанги кунга ишонч каби кўплаб омиллар таъсири остида шаклланади.

Отабек Бакиров