Ўзбекистоннинг энг қиммат ва фойда кўп келтирадиган корхонаси НКМКнинг 2% акцияси нега Давактив ҳисобига ўтказилган?

Давактивнинг ўзига хос репутацияси ва айниқса, энг жозибали давлат активларини яширин “хусусийлаштириш” бўйича кенгайиб бораётган тажрибаси ҳисобга олинса, бу жудаям хавотирли қадам. Эътиборлиси бу ҳақда бирон бир очиқ маълумот берилмаган. Президентнинг 83- сонли қарори аввалги ва кейинги таҳрирларида ҳам НКМКнинг 100% улуши акциядори ўлароқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўрсатилган.

Эҳтимолки, НКМК 2% улушининг Давактив ҳисобига ўтказилиши қандайдир ёпиқ ёки махфий қарор билан амалга ошган. Давактив назоратига ўтказилган улушларни Ўзбекистонни талаётган олигархларга яширин “хусусийлаштириш” схемалари орқали қандай “совға” қилиши мумкинлигини билсангиз керак.

Агарда эртага НКМКдан ҳам маҳрум бўлиб қолишни истамасак Ўзбекистонликлар, ОАВ, фаол жамоатчилик НКМКнинг 2% акцияси тақдирини ва жойига қайтаришларини сўраши керак!

Ўзбекистоннинг энг катта солиқ тўловчиси НКМК ғорат бўлган нефть ва газ активлари тақдирини такрорлаши мумкинлиги бўйича хатарлар йилдан йилга ошса ошмоқдаки, камаяётгани йўқ.

Комбинатнинг молиявий натижалари 2022 йилдан буён ёмонлашиб бормоқда. Четдан жалб қилинган “менежерлар” ўтказаётган “трансформация” харажатларни пасайтириш ўрнига кўпайтираётганини аввал ҳам ёзган эдик.

2023 йилнинг дастлабки 6 ойи ҳам бундан истисно бўлмаган (2023 йил якунлари бўйича ҳисобот ҳали эълон қилинмаган, НКМК миллий стандартлар бўйича молиявий ҳисоботларни умуман эълон қилмайди).

Демак, 2023 йилнинг 6 ойида тушум ортганига қарамай, харажатлар ўсгани учун соф фойда 841 млн.доллардан 774 млн.долларгача қисқарган (фойдадан солиқлар 619 млн.доллардан 547 млн.долларгача). Тўланган дивидендлар 454 млн.доллардан 326 млн.долларгача камайган.

Конлар ва фойдали қазилмаларга бўлган ҳуқуқларнинг қиймати 4 007 млн.доллардан 3 864 млн.долларгача қисқарган.

Кредит ва қарздорликнинг ҳажми деярли ўзгаришсиз қолаётган бўлсада, ўртача ставкаси 6,73%дан 8,57%гача кўтарилган (барча қарздорликлар доллар ва еврода номинацияланган).

Дарвоқе, НКМК кузатув кенгашида Марказий банк ва Солиқ қўмитаси вакиллари пайдо бўлган (қандайдир “мустақил аъзо” ва Давактив вакили янги таркибдан даф бўлган).

Кенгашнинг янги таркиби вазиятни қанчалик ўзгартира олиши савол остида. Очиқланган охирги муҳим фактларга кўра, НКМК ўз активларини текинга тақдим қилишни давом этмоқда. Хусусан, Жанубий кон бошқармасига қарашли бўлган Кадрлар тайёрлаш бўлими биноси “Инсон” ижтимоий хизматлар марказини жойлаштириш учун Давактивга ўтказиб берилган.

Отабек Бакиров