Ўзбекларнинг автоуловга муҳаббати бу бюджетга пул, халқ учун қўшимча чиқим

Регистрация тўловлари бюджетга қўшимча 3 трлн.сўмдан ортиқ даромад келтиради. Бугундан бошлаб, автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўлов миқдор базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,1 баробаридан 6,84 бараваригача, яъни 34 000 сўмдан 2 325 600 сўмгача кўтарилади.

Бошқача айтганда ҳар бир Автомобилни ЙҲХБда қайта рўйхатдан ўтказиш харажатлари 2 291 600 сўмга ошади.

2023 йилнинг апрелидан декабрига қадар Ўзбекистонда 1,34 млн.дан ортиқ автомобиль олди сотдиси юз берган. Агар шу кўрсаткич сақланиб қолса, 2024 йилнинг қолган даврида автомобилларни рўйхатга олиш орқали бюджетга 3 трлн.сўмдан ортиқ қўшимча даромад келиб тушиши мумкин (рўйхатдан ўтказиш харажати кескин ортиши ишончномалар сонини ошириши эҳтимоли ҳам бор).

Автомобиль олди сотдиси жараёни учун харажатларнинг кескин ортиши биринчиси эмас. Ўтган йили 1 ноябрдан автомобиль рақамларини бериш учун тўлов БҲМнинг 1,5 баробаридан 3,5 баробарига оширилганди.

Тармоқларда электромобиль олиш рағбатлантирилмоқда, энди уларни рўйхатдан ўтказиш 5 баробар арзон бўлади, дея бироз чалғитувчи маълумотлар тарқатмоқда. Ҳа, электробилларни рўйхатдан ўтказиш автомобилларни рўйхатдан ўтказишдан арзонроқ бўлиши аниқ. Лекин электромобилларни рўйхатдан ўтказиш ҳам БҲМнинг 0,1 баробаридан 1,5 баробаригача, яъни 15 баробарига ошганлигини айтмаслик ноўрин бўлади.

Нима учун бу ўзгаришлар кучга киришидан фақатгина 2 кун аввал, яна дам олиш кунлари очиқланганлиги сабаби номаълум. Расмийларга бу савол берилмаган ҳам бўлса керак.

Ноқонуний имзоланган буйруқлар қонуний кучга эгами?

Меҳнат қонунчилигига кўра, 2024 йил 31 март якшанба дам олиш куни эди. Қонунчиликка кўра, дам олиш кунлари ҳеч қандай ҳужжатлар имзоланмайди, қабул қилинмайди.

Афсуски, қонун ҳимоячилари бўлмиш Адлия вазирлигининг ўзи бу ҳолатга бўйсунмаган. Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов 2024 йил 31 март куни машиналарни рўйхатдан ўтказиш нархларини каррасига ошириш ҳақидаги буйруқни имзолаган.

Адлия вазирлиги эса ўша буйруқни айни шу куни, 2024 йил 31 март якшанбада рўйхатдан ўтказган. Буйруқда айтилишича, иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган. Вазир Қўчқоров бу келишувга 2024 йил 30 март шанба куни имзо қўйган.

Адлия вазирлигига савол: якшанба куни имзоланган ҳужжатлар қонуний кучга эгами?

ИИВга савол: ҳукуматнинг 2017 йилдаги қарорини асос қилган экансизлар, нега унда 1 кун қолганда имзоланди, олдинроқ эмас?

Бандлик вазирлигига саволлар: якшанба куни имзоланган бўлса, адлия ва ИИВ ходимлари якшанба куни ишга чиққан, бунга бирор чора кўриладими?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 майдаги «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5997-сон Фармонининг 5-банди тўртинчи хатбошисига асосан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга жисмоний ва юридик шахслар учун қўшимча тўлов ва йиғимларни белгиловчи, уларга асосланмаган харажатлар юзага келишига олиб келувчи ҳуқуқий нормаларни киритишга йўл қўймаслик белгиланган. Ички ишлар вазирининг буйруғи билан жисмоний ва юридик шахслар учун амалдаги тўлов сўммасини 6,8 бараварга ошириш тўғрисидаги янги банд киритилиши мазкур Фармон талабларига зид эмасми ?

Ички ишлар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигидан тегишли муносабат кутиб қоламиз !