Бу саволга жавоб олиш учун сўроққа тутилиши лозим бўлганлар ҳеч бўлмаса шу мураккаб эврилиш кунларида юз кўрсатиши, хатоларни тан олишлари, мард бўлиб масъулиятни бўйнига олишлари керак эди. Лекин, улар ҳозир жуда муҳим бўлган вазифа — халқ ва бизнес билан коммуникацияни йўлга қўйиш ўрнига орқаваротда беркиниб, соҳани шимолдаги оғалари фойдасига зимдан чўктиришда ва ўзлаштиришга асосланган самарасиз бошқарув билан иқтисодий деградацияни тезлаштиришни маъқул кўришмоқда.
Март ойи давомида газ қазиб олиш яна қисқарган. Ой давомида 3,9 млрд.кубдан камроқ газ қазиб олинган (ўтган йилнинг мартида 4,2 млрд.куб). Солиштириш учун, 5 йил аввал, ҳали ўнлаб газ конлари чўнтаклар ва шимолликлар фойдасига армуғон қилиб улгурилмаган 2019 йилнинг мартида 5,3 млрд.куб газ қазиб олинган.
Нефть қазиб олиш 60,6 минг тоннагача қисқарган, ўтган йилнинг мартига нисбатан пасайиш 7,6 минг тоннани ташкил этган.
Нефть қазиб олиш билан синхрон қулаётган бензин ишлаб чиқариш ҳажми 119.5 минг тоннани ташкил этган (ўтган йилнинг тегишли даври билан солиштирганда 1,9 минг тонна кам).
Саноат маҳсулотлари орасида цемент ишлаб чиқаришнинг 216,4 минг тоннага, 905,5 минг тоннагача қисқаргани эътиборни қаратмаслиги мумкинмас. Чунки цементчилар учун солиқлар 2024 йилда қарийб 4 баробарга камайтириб берилган эди.
Газ импортига қарамлик ортаётганига қарамай, газ экспорти тўхтамаган
“Учта Ўзбекистонни боқадиган газга эга Ўзбекистонни” шимолдаги оғаларининг газ импортига ўтказиб қўйганлар иқтисодий мантиқдан ташқари бўлган шу ҳаракатни тушунтириб беришларидан умид қилманг.
Нима бўлгандаям, биргина март ойида 193,5 млн.долларлик газ импорт қилинган. Солиштириш учун, 2023 йилнинг 6 ойида тахминан шунча газ импорт қилинганди.
Газ қазиб олишнинг қисқариши ва импортнинг каррасига ошганига қарамай, ўтган ойда 18,7 млн.долларлик газ экспопрт қилинган.
Ташқи савдода импортнинг сунъий чекловлар билан қисила бошлагани унинг мундарижасида кўрина бошлаган. Хусусан, март ойида автомобиллар импорти 246,2 млн.долларни ташкил этган. Бу миқдор февралда 319,8 млн.доллар, январда 398,5 млн. доллардан иборат эди. Бу сиёсат Ўзбекистонда импорт билан шуғулланувчи расман иккита, бири автомобиль, иккинчиси электромобиль импорт қилувчи монополист чайқовчи қолиши билан якун топса керак.
Ўзи умуман, импортга тўсиқлар қўйиш билан уни чеклаш яқин горизонтда экспортни ҳам қисқаришига олиб келади. Дастлабки 3 ойда бу картина кўрингани йўқ, лекин йил охиригача тенденциялар яққол намоён бўлишни бошлайди.
Дарвоқе, товарлар импортига тақиқ ва тўсиқларнинг кенгайиши доим хизматлар импортининг потираб ўсишига олиб келади. Якунда хизматлар импортиниям бирон сохта предлог топиб ёпишга тўғри келади.
Отабек Бакиров