Метан нархига чекловларнинг бекор қилиниши бензин нархига қандай таъсир кўрсатади?

Яна 4 кундан сўнг, ўтган йили 1 октябрда кучга кирган автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида метан газ нархи 3 250 сўмдан ошиб кетмаслиги бўйича белгиланган ҳукумат мораторийи муддати тугайди.

Нархга чекловларнинг тугаши метан газ учун акцизнинг ошиши вақтига ҳам тўғри келмоқда.

Бундан ташқари янги нархларга, заправкаларнинг куз-қиш мавсумида йўқотган даромад маржиналлигини қоплашга интилиш ҳам таъсир кўрсатади. Шу сабабли, айрим газ тўлдириш шохобчаларида 1 апрелдан метан газ нархи 3 800 сўм бўлиши ҳақидаги эълонлардан ҳайрон бўлмаслик керак.

Май ойига мўлжалланган тарифларнинг оширилиши кутилмалари метан заправкалардаги нархларга таъсир ўтказишда яна давом этади. Яъни, бу ошиш охиргиси бўлмаслиги аниқ.

2023 йил октябридан метан нархининг ўртача 2 800 сўмдан 3 250 сўмгача ошгани монополлашган бензин бозорида ҳам нархларнинг ошишига олиб келганди.

Бу сафар ҳам шундай жараён такрорланиши, ўзи қиммат бўлган бензиннинг янада қимматлашиши эҳтимоли йўқ эмас. Чунки бозорни эгаллаб олган монополист ва олигархлар ҳар қандай вазиятда ва ҳар қандай баҳона билан нархларни ошириб олишга уринишади.

Сиз нима деб ўйлайсиз, Антимонопол органи бу сафар ҳам жим турадими ё вазиятга аралашишга уриниб кўрадими?

Отабек Бакиров