“Қўйлиқ бозори” акциядорлари ихтиёрий тугатилишга қарши бўлuшганлигига қарамасдан бозор тугатилди

2024 йил 31 январь куни ўтказилган акциядорлар умумий йиғилишида “Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори” АЖ акциядорлари бозорни ихтиёрий тугатиш ҳақидаги масалага 100% қарши овоз беришган.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бозор кузатув кенгашининг 2024 йил 24 январдаги қарори билан номинал қиймати 53,9 млрд.сўмлик 36 397 681 дона акция чиқарилиши маъқулланган ва 28 февраль куни ушбу чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтган.

Тасаввур қилаяпсизми? Тугатилишидан бир кун аввал акциялар чиқарилиши рўйхатдан ўтаяпти. Тугатилмоқчи бўлган жамият қўшимча акция чиқарадими? Акциялар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказадими?

Бозор ўз фаолиятини ихтиёрий тугатиши тўғрисидаги қарор 29 февраль куни қабул қилинган ва орадан 12 кун ўтиб эълон қилинган. Лекин бу қарор билан 24 январдаги ихтиёрий тугатилишга қаршилик акс этган қарор бекор қилинмаган.

Кичик хулоса қилганда, “Қўйлиқ бозори”нинг апил-тапил тугатилиши барча белгиларига кўра акциядорларнинг ва бозор бошқарувчиларининг қарори эмас. Бу қип-қизил маъмурий босим остидаги ўзбилармонлик ва масалага жиддий ёндашилса, бир неча процедуралар бузилганини ҳам аниқлаш мумкин бўлади.

Яна қизиғи, юзлаб қарз ва кредитлар илинган ва банкротлик ёқасида бўлган ва зарар кўриб ишлаётган АЖ лардан фарқли равишда “Қўйлиқ бозори” молиявий ҳолати жуда мустаҳкам бўлган, 43 млрд.сўмдан ортиқ жами активларининг 99%дан зиёд манбаи ўз капиталига таянган.

Энг асосий хулоса шуки, “Қўйлиқ”нинг кунпаякун қилиниши Ўзбекистонда мулкдорлар ва акциядорлар ҳуқуқи манфий қийматга эга эканини яна бир бор исботлади. Олигархлар билан келишиб олган бир тўп чиновниклар истаса, сиз бу ҳуқуқдан бир кунда маҳрум бўласиз.

Бундай муҳит ва маконда фақат ўғридан-ўғри инвесторлар ўзини балиқдек ҳис этади.

Отабек Бакиров