Замонавий касб эгаси бўлиб, уйдан чиқмасдан жамиятга ҳисса қўшаётганлар

Юртимизда аёллар ва қизларга эътибор, яратилаётган шароитлар кундан-кунга кенгайиб бораётгани сир эмас. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ташкил қилинган “Тошкент ёшларни севади” ойлиги доирасида йўлга қўйилган 1000 нафар аёл ва қизлар учун бепул СММ курслари бунга яққол мисол.

– Менга дастлаб пойтахт ҳокимлигидан қўнғироқ қилиб, бепул СММ курси ҳақида хабар беришди, – дейди 22 ёшли курс тингловчи Диёра Йўлдошева. – Аввалига оилам рухсат бермаса-чи, деб ўйлаган эдим. Аммо улар мени қўллаб-қувватлашди. Бу эса мени янада руҳлантирди. Менторларимизнинг берган назарий ва амалий билимларига таяниб, Инстаграм ижтимоий тармоғида ўз футблогимни йўлга қўйдим. Уйда турли пишириқлар тайёрлаб, уларни буюртмачиларга етказиб бераман. Қисқа фурсатда натижага эришаётганимдан мамнунман.

Яна бир курс тингловчиси Азиза Абдулазизова 18 ёшда. Олийгоҳда сиртқи таълимда ўқиши сабабли бўш вақтлари кўп бўлади. Азизанинг айтишича, СММ курсига ёзилишида унга дадаси туртки бўлган. Айни пайтда у менторлардан маркетинг сир-асрори, мижозлар билан ишлаш, тармоқлар юритиш каби йўналишларни пухта эгалламоқда.

– Замонавий касбларга қизиққан, аммо имконияти, шароити бўлмаган аёллар учун мазкур бепул СММ курслари ташкил қилингани айни муддао бўлди, – дейди ментор Нозима Мухторова. – Гуруҳларда оилали аёллар ҳам бор. Курсга бўлган қизиқишлари туфайли баъзан ёш болалари билан келиб бўлса ҳам, иштирок этишмоқда. Жамиятимизда фарзанди билан ўз устида ишлаётган аёллар бошқаларни ҳам руҳлантиради. Биз ҳам ўз навбатида ҳар бир дарсни қизиқарли, содда ва тушунарли тарзда олиб боришга ҳаракат қилмоқдамиз.

Таъкидлаш керакки, СММ соҳасини пухта ўзлаштирган қизлар ўзлари истагандек, иш графигига эга бўлади. Хоҳ иш жойида, хоҳ уйда, хоҳ таълим муассасасида бўлишдан қатъи назар, қўшимча даромад топишлари учун қулай соҳа ҳисобланади. Бундай курсларни муваффақиятли тамомлаган қизлар замонавий касб эгаси бўлибгина қолмай, жамият ривожи учун ҳам ўз ҳиссаларини қўшишади.