Россиянинг минтақавий амбициялари

Россия расмийлари КХШТни мустаҳкамлашда давом этмоқдалар.

Москва халқаро сиёсий ва иқтисодий стратегиялар институти (РУССТРАТ) раҳбари, Россия думаси аъзоси Елена Панина 21 кунги мақоласида Афғонистондан чиқувчи таҳдидларга тўхталиб ўтган.

«Гарчи Толибон (Россияда тақиқланган ташкилот) ўз фаолиятини мамлакат чегараларидан ташқарига ёймаслик ваъдасини бажарса ҳам, ичкаридаги ҳокимиятнинг мустаҳкамланиши катта сондаги қочқинларнинг пайдо бўлишига олиб келади ва уларнинг ҳаммаси ҳам тинч фуқаролардан иборат деҳқонлар бўлмаслиги мумкин», деб ёзади у.

Унинг айтишича, минтақада хавфсизликни таъминлаш учун КХШТга аъзо давлатлар қуролли кучлари «Россия бош штабига қатъий бўйсуниши» керак, «жанговар ва тактик тайёргарлик даражасини оширишга қаратилган кескин чоралар кўрилиши зарур».

Панинанинг мақоласи ОДКБга аъзо давлатлар жамоатчилигининг кескин танқидига учраган.

«Россия армиямизни ўзига қатъий бўйсундирмоқчи», дейди бишкеклик Алтинбек Капаров. «Бу бизнинг миллий хавфсизлигимиз учун ҳатто толиблардан ҳам хавфлироқдир.»

Таҳлилчиларга кўра, Москва минтақада ўз геосиёсий манфаатларини кўзламоқда. Мақсад – минтақадаги давлатлар суверенитетини чеклаш, уларни Россияга қарам қилиш ва сателлит давлатларга айлантиришдир.

Киевдаги Армия, конверсия ва қуролсизланиш бўйича тадқиқотлар марказининг Осиё-Тинч океани ҳудуди бўйича раҳбари Юрий Пойтага кўра, Россия шу йил юз берган қирғиз-тожик чегара низоси ёки доимий афғон таҳдиди каби қулай баҳоналардан минтақада ўзининг қўшимча ҳарбий базаларини ташкил этиш учун фойдаланишга интилади.

Бу Россияга катта дивидендлар бериши мумкин, деди у.

Масалан, Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги база Россияга Марказий Осиёда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси устидан назорат ўрнатишга ёрдам бериши мумкин, деди у Кремлнинг бундан-да каттароқ мақсадлари борлигини таъкидлаб.

«Россиянинг Марказий Осиёда қўшимча ҳарбий куч жойлаштириши Москванинг бу республикалар ҳукуматларига, шунингдек, қўшни Ўзбекистонга таъсирини кучайтириш учун дастак бўлиши мумкин», деди Пойта.