Хитой ва Россия Ойда тадқиқот станциясини қуришга келишишди

Хитой ва Россия Ойда халқаро тадқиқот станциясини биргаликда қуриш тўғрисида англашув меморандумини имзоладилар. Бу ҳақда Хитой Миллий космик бошқармаси / CNSA / хабар берди.

Меморандумга мувофиқ, Роскосмос ва CNSA лойиҳа доирасидаги ҳамкорликни кенгайтиради, барча манфаатдор мамлакатлар ва халқаро шериклар учун станцияга кириш имкониятини очади, шунингдек, барча инсоният манфаатларидан келиб чиқиб, космик маконни тинч мақсадларда ўрганиш ва фойдаланишни тарғиб қилиш учун илмий алмашинувни кучайтиради.

Лойиҳа доирасида Хитой ва Россия халқаро тадқиқот станциясини режалаштириш, намойиш қилиш, лойиҳалаш, ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва эксплуатация қилишда, шунингдек халқаро космик ҳамжамиятда лойиҳани тарғиб қилиш борасида яқин ҳамкорлик қилади.

Станция CNSA баёнотидан келиб чиққан ҳолда Ойнинг юзасида ёки Ойнинг орбитасида кўп тармоқли илмий тадқиқотлар, шу жумладан, Ойни ўрганиш ва ундан фойдаланишга қаратилган тадбирлар, Ойдан кузатувлар, фундаментал илмий тажрибалар ва технологияни текширишни амалга ошириш учун мўлжалланганлигини билиб олиш мумкин.