NYT: Россияда пандемия вақтидаги ўлим кўрсаткичлари АҚШ ва Европага қараганда юқори

The New York Times нашри Росстат маълумотларига эътибор қаратди ва 2020 йил апрель-декабрь ойларида мамлакатдаги ўлим кўрсаткичлари одатдагидан 28 фоизга юқори бўлганлигини қайд этди. Нашр Россияга қараганда икки баравар кўп одам яшайдиган Қўшма Штатлардаги ўлим кўрсаткичлари бўйича таққослаш маълумотларини келтирмоқда.

Коронавирусга қарши кураш бўйича тезкор штаб, 11 апрель ҳолатига кўра, коронавирус туфайли 102 986 ўлим ҳақида хабар берган. Ушбу маълумотлар фақат COVID-19 сабабли тасдиқланган ўлимларни ҳисобга олади, бу эса аутопсия вақтида қўшимча тасдиқлашни талаб қилмайди. Россия бу маълумотларни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига юборади ва мамлакат аҳолисини ҳисобга олган ҳолда, бу кўрсаткич АҚШ ёки Ғарбий Европанинг аксарият қисмига қараганда анча паст бўлиб чиқмоқда, деб қайд этди The New York Times. Бироқ, Росстатнинг сабаблардан қатъий назар барча ўлимлар маълумотлари статистикаси бошқа вазиятни кўрсатмоқда, деб ёзади газета. Россияда ўлим сони одатдагидан 362302 одамга ёки 28% га кўпроқ. Ушбу кўрсаткич бўйича Россия нашр томонидан маълумотлари таҳлил қилинган бошқа мамлакатларни “ортда қолдирди”.

2020 йил март ойининг ўрталаридан декабрь ойига қадар касалликка чалиниш энг кўп кузатилган Қўшма Штатларда ўлимнинг ортиқча кўрсаткичи 385 100 кишини ташкил этди. Бундан 316,370 ўлим COVID-19 билан боғлиқ. Қўшма Штатлар аҳолиси Россияга қараганда икки баравар кўп бўлишига қарамай, мамлакатда ортиқча ўлим даражаси 17 фоизни ташкил этди.

Италияда ўлимнинг ортиқча даражаси 85,600 киши (19%)ни ташкил этиб, шундан 55,535 ҳолатда ўлим COVID-19 оқибатида юз берган; Буюк Британияда – 79,700 (17%), Францияда – 53100 (12%) кўрсаткич қайд этилган.

Америка нашрининг ёзишича, ушбу тафовутлар Кремлнинг Россия дунёнинг кўплаб мамлакатларига қараганда пандемия ва унинг оқибатларини тезроқ ва осонроқ енгаётганлиги, ҳақидаги баёнотларига шубҳа туғдиради.

2020 йил декабрь ойида Бош вазир ўринбосари Татьяна Голикова коронавирус қарши кураш бўйича тезкор штаб ва Росстат маълумотлари ишончли эканлигини ва расмийлар коронавирус билан боғлиқ бўлган ўлим статистикасини яширмаслигини маълум қилганди.

Бундан бироз олдин Сбербанк мутахассислари ҳақиқий рақамлар расмий рақамлардан деярли олти баравар кўп бўлиши мумкинлигини ҳисоблаб чиқишган, чунки улар статистика вирусни симптомсиз равишда юқтирганларни ҳисобга олмайдилар.