WSJ: 2021 йилда COVID-19 дан ўлганлар сони 2020 йил кўрсаткичларидан ошиб кетди

2021 йилнинг олтинчи ойи ўтиб бораётган бир паллада COVID-19 дан ўлим сони 1,88 миллион кишига етди. 2020 йилда бу кўрсаткич 1,87 миллион кишини ташкил этганди.

2021 йилнинг биринчи олти ойида коронавирусдан бутун 2020 йилга қараганда кўпроқ одам вафот этди, деб ёзмоқда The Wall Street Journal (WSJ) Жонс Хопкинс университети маълумотларига асосланиб. Ривожланган мамлакатларда вакциналарнинг кенг тарқалишига қарамай, пандемия ҳали бери тугамайди, дея қайд этмоқда газета.

Айни пайтда дунёда коронавирус туфайли 3,7 миллион ўлим қайд этилган, уларнинг ярмидан кўпи – 1,88 миллиони 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида содир бўлган.

Ўлим даражасининг кескин ўсиши ривожланаётган мамлакатлар, хусусан Осиё ва Лотин Америкасида COVID-19 га қарши вакциналар етишмаслиги шароитида рўй берди, деб ёзмоқда WSJ. Шу билан бирга, вакциналар етарли бўлган ривожланган мамлакатларда (масалан, АҚШ, Канада ва Буюк Британияда) ўлим ва янги касаллик ҳолатлари камаймоқда.

Аргентина президенти Алберто Фернандес ўтган ой мамлакат пандемия бошланганидан бери энг оғир даврни бошдан кечираётганини айтганди: аҳолиси 45 миллиондан озроқ кам бўлган Аргентинада COVID-19 дан ҳар куни 500 дан ортиқ одам вафот этмоқда.

Йил бошида кундалик касалланиш ҳолатларининг 73 фоизи ва ўлимнинг 72 фоизини Европа ва Қўшма Штатлар ҳиссасига тўғри келаётган эди. ҳозирга келиб янги ўлим ҳолатларини 80% дан кўпроғини Жанубий Америка, Осиё ва Африка мамлакатлари ташкил қилмоқда, деб ёзади газета.

Оксфорд Университетининг маълумотларига кўра, африкаликларнинг атиги 2 фоизи, осиёликларнинг эса 6 фоизидан сал кўпроғи вакцинанинг камида битта дозасини олган. Шу билан бирга, Ғарбий ярим шарнинг энг қашшоқ давлати бўлган Гаити аҳолиси бир марталик дозани ҳам олмаган.