Покистон Бош вазири Имрон Хоннинг айтишича, Исломободда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан учрашувда икки мамлакат мудофаа соҳасидаги ҳамкорлиги муҳокама қилинган. Душанбе бу баёнотга изоҳ бермади. Имомали Раҳмон Покистон пойтахтига икки кунлик ташриф билан борган эди.
Жаҳон матбуоти мазкур ташрифни бошқа ракурсдан ёритди. Тожикистон эса бошқа ракурсдан.
“Мудофаа соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришимиз жуда муҳим”, деди Имрон Хон Эмомали Раҳмон билан учрашув якунлари бўйича журналистлар билан учрашувда. Бироқ, Тожикистон раҳбари бу мавзуни четлаб ўтган.
Тожикистон ҳукумат делегацияси аъзоларидан бири мудофаа соҳасида эришилган келишув ҳақидаги саволга жавобан, Имомали Раҳмон ва Имрон Хон Исломободда якка тартибдаги учрашув ўтказганини, унда томонларни қизиқтирган турли масалалар ҳам кўрилганини айтган. “Учрашув ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди, эҳтимол улар бу масалани ҳам муҳокама қилишгандур, аммо мудофаа соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳеч қандай ҳужжат имзоланмаган”, деди ҳукумат аъзоси.
Аммо, “Dawn” агентлиги хабар қилишича, Покистон Бош вазири Тожикистон раҳбари билан учрашув чоғида улар “Тожикистоннинг Покистонда ишлаб чиқарилган қуролларга бўлган эҳтиёжлари масаласини муҳокама қилдилар ва ўзаро англашув меморандумини имзоладилар”, деб хабар берган.
Покистонлик журналист Сажжод Ҳуссеин “Yahoo” сайтида чоп этилган мақоласида “Покистон ва Тожикистон мудофаа соҳасида ҳамкорлик шартномасини имзолади, унга кўра Покистон ушбу Марказий Осиё давлатига ўзида ишлаб чиқарган қуролларини етказиб бераяпти” деб таъкидлаган.
Тожикистон Президенти матбуот хизмати хабарига кўра, Имомали Раҳмон ва Имран Хон иштирокида бўлиб ўтган учрашувлар ва музокаралар якунлари бўйича иқтисодиёт, таълим, коррупцияга қарши курашиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, халқаро автомобиль транспорти соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги ва бошқа жами 12 та янги ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтган.
Томонлар имзолаган ҳужжатларнинг эълон қилинган рўйхатида мудофаа соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим кўрсатилмаган.
Балки “ва бошқа ҳужжатлар” дейилганда мудофаа соҳасидаги ҳамкорликлар ҳам назарда тутилгандур?!