АҚШнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш миссиясига масъул махсус элчи Залмай Халилзод 6 июнь куни Кобулда мамлакат лидерлари билан учрашган. Томонлар АҚШ ва халқаро коалиция кучлари 11-сентябрга қадар мамлакатни тарк этгач, АҚШ-Афғонистон муносабатларининг қандай давом этиши бўйича музокара олиб борган.
Афғонистон раҳбарининг матбуот котиби Муҳаммад Амирийнинг маълум қилишича, Халилзод делегацияси билан Президент Ашраф Ғани ўртасидаги музокаралар мудофаа, иқтисод ва гуманитар ёрдам масалаларига бағишланган.
Вашингтон Толибонга қарши курашаётган Афғонистон хавфсизлик кучларини дастаклаш мақсадида навбатдаги икки йилда 3,3 миллиард доллардан маблағ ажратади. АҚШ дипломатининг бу хабарини Амирий эълон қилган.
Шунингдек, АҚШ объектлари ва ҳарбий техникасини, хусусан, самолётларни Афғонистон ихтиёрига топшириш масаласи навбатдаги музокараларнинг кун тартибига киритилган.
Халилзоднинг ташрифи тафсилотларига доир сўровни АҚШнинг Қобулдаги элчихонаси жавобсиз қолдирган.
Афғонистон кучлари Толибонга қарши курашда узоқ йиллардан буён АҚШнинг ҳаводан тўғридан-тўғри қувватловига таяниб келган. Хорижий ҳарбий дастаксиз Толибоннинг қўли баланд келади деган қарашларни Афғонистон расмийлари инкор этмоқда.
Халилзод бошчилигидаги делегация, шунингдек, Толибон билан сулҳ музокараларига масъул расмий Абдулла Абдулла билан ҳам учрашган.
Томонлар Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича келишувларнинг жорий ҳолати, Вашингтон ва Қобул ҳамкорлигида очилаётган янги саҳифага доир масалаларни муҳокама қилган. Бу ҳақда Абдулла «Твиттер»даги саҳифасида маълум қилган.
“Биз Толибон билан мавжуд имкониятлар асосида музокаралар йўли билан адолатли ва барқарор тинчлик ўрнатиш аҳдида қатъий эканимизни яна бир бор тасдиқладик”, деб ёзган Абдулла.
Халилзоднинг ташрифидан бир кун аввал Вашингтон берган баёнотга кўра, махсус элчи делегацияси таркибига Мудофаа вазирлиги, Миллий хавфсизлик кенгаши ва USAID ташкилоти вакиллари ҳам киритилган.
Баёнотда, шунингдек, Халилзоднинг Қатарга ҳам сафар қилиши қайд этилган. Дипломат Доҳа шаҳрида Толибон ва Афғонистон ҳукумати келишувларида воситачилик қилаётган томонлар билан учрашади. Томонларни сиёсий муросага келтириш бўйича дадилроқ курашиш бўйича музокаралар олиб боради.