4 июнга ўтар кечаси тожикистонлик чегарачилар тожик-қирғиз чегарасининг баҳсли қисмини кесиб ўтиб, Қирғизистон ҳудудига 1 км кирган ва контейнер ўрнатганди. Қирғизистонлик мутахассислар бу қасддан қилинган провокация эканлигини таъкидладилар.
Савол туғилади, Тожикистонни бундай қадам ташлашга нима мажбур қилди?
Тожикистон президенти 68 ёшда. У мамлакатни 1992 йилдан буён бошқариб келмоқда. Раҳмон лавозимида ҳокимиятни йўқотмаслик ва ўз ўғлига ҳокимият транзитини кафолатлаш мақсадида мамлакат иқтисодий активлари устидан назоратни кучайтириш билан банд.
Режим иқтисодиётдаги ички муаммолар туфайли ташқи душман образини яратишга уринмоқда. Бир ой аввалги воқеалардан сўнг Қирғизистон Тожикистон билан чегарага қулф осди. Бунинг оқибатида Тожикистон муаммоларга дуч кела бошлади. Бу, авваламбор, Қирғизистон орқали Россияга маҳсулот экспорт қилувчи фермерларга таъсир кўрсатди. Энди улар учун фақат Ўзбекистон орқали йўл бор, лекин бу анча қиммат. Бу йўл орқали ташиш фойдасиз ва сабзавотлар далада чирий бошлади.
Тожикистонда Қирғизистон орқали импорт қилинувчи кўплаб товарларнинг нархи кўтарилди. Бишкек илгари эътибор қилмаган барча контрабанда йўлларини ёпди. Натижада, мамлакатда ҳукумат сиёсатидан норозилик пайдо бўлмоқда. Шунинг учун Тожикистон раҳбариятига Қирғизистон билан чегарада яратилаётган ташқи омил, ташқи душман керак.
Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров барча масалалар фақат тинч йўл билан ҳал этилишини эълон қилди. Аммо, Душанбе мулоқотга шошилмаяпти, бу эса ўз ўзидан низо учун вазият яратмоқда, – деб ёзмоқда хорижий нашрлар.