АҚШ ва Туркиянинг бир-бирига даъволари нимада?

“Катта еттилик” ва НАТО саммитларида қатнашиш учун Европага ташриф буюрган Президент Жо Байден Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдаған билан учрашиш арафасида. Айрим таҳлилчилар Вашингтон-Анқара муносабатларини кризис нуқтасида, дея тасвирлайди.

“Орада муаммо, келишмовчилик ва қарама-қаршиликлар доимо бўлган, аммо ҳозирги ҳолатни муносабатларнинг энг туби десак хато бўлмайди. Алоқалар ё тикланади, ё тузатиб бўлмас даражада барбод бўлади”, – дейди “Қодир Хас” университети профессори Серҳат Гувенч.

2019 йилда Туркия АҚШнинг Ф-35 қирувчи самолётларини сотиб олиш дастуридан четлатилган. Сабаб Анқара Россиядан С-400 ҳаво мудофаа тизимларини сотиб олганидир. АҚШ С-400 ни НАТО мудофаа тизимларига хавф деб билади.

Туркиянинг Россия билан муносабатлари муаммонинг бир бўлаги холос. Оқ уйга ҳаракат қилаётганда Байден Эдағанни автократ дея танқид қилиб, мухолифат уни сайловда мағлуб қилиши керак, деган эди.

Жо Байден демократия тарғиботини ташқи сиёсатининг асосий тамойилларидан бири деб белгилаган.

Эрдағаннинг ҳам шикоятлари бор. Вашингтон “Исломий давлат”га қарши курашган суриялик курдларни иттифоқчи деб билади. Анқара назарида улар террорчи.

Туркия президенти маслаҳатчисига кўра, икки раҳбар учрашуви алоқаларни янги саҳифадан бошлаш учун имконият.

“Ўйлайманки, Туркия бунга имкон яратувчи қадамларни ташлайди ва бунга тайёр. Лекин сиёсатда орзуларга берилмаслик керак, фақат рационаллик. Америка прагматик мамлакат ва Туркиядан айрилиш оқибатлари ҳақида ўйлаши керак”, – дейди Месут Жашин.

НАТОга Туркиянинг аҳамиятини эслатиш учун Президент Эрдаған яқин орада қирувчи самолётларни иттифоқчиларни қувватлаш учун Болтиқбўйига сафарбар этишини айтган.

Аммо дипломатларнинг айтишича, Туркия йўловчи самолёт билан боғлиқ воқеа юзасидан НАТО давлатларининг Беларусга нисбатан танқидини юмшатишга ҳам ҳаракат қилган. Бу Россияга илтифот, дея талқин қилинмоқда.

Эрдағанга кўра, Туркия Москва билан ҳам, Ғарб билан ҳам дўстона муносабатда бўла олади. Бироқ, дейди Серҳат Гувенч, Байден иккисидан бирини танлашни, Россиянинг қуролларини қайтаришни сўраши мумкин.

“Америкаликларни ҳам, русларни ҳам бирдек хурсанд қилиш имконияти мавжуд эмас. Афсуски, Эрдаған жуда қийин бўлсада бир қарорга келиши керак. Танлов вақти келган. Бундай муҳим қарорни ортиқ кечиктириб бўлмайди”, – дейди суҳбатдош.

Туркия раҳбари ва вазирлари Россия системаси қайтарилмаслигини, бу миллий суверенитет билан боғлиқ масала эканини таъкидлаб келмоқда.