“Катта Еттиликка” аъзо дунёнинг энг саноатлашган ва ривожланган давлатлари ўз мажлисида ва якуний баёнотида Россия ва Хитойга қарши муносабат билдириши кетидан 14 июнь куни НАТОга аъзо 30 мамлакат раҳбарлари ҳам Брюсселдаги бир кунлик саммит якунида бу икки мамлакат, хусусан, Россияни қоидаларга асосланган дунё тартибига таҳдид деб атади.
Айланс келажакдаги сиёсатини белгиловчи янги Стратегик концепциясини ишлаб чиқиш мақсадида «НАТО-2030» деб номланувчи маслаҳатлашув механизмини қабул қилди. Ушбу ҳужжат альянс олдидаги қатор таҳдидларга урғу берди – янада қатъиятлироқ Россия, терроризмнинг ваҳшийроқ кўринишлари, давом этаётган беқарорликлар, кучаяётган кибернетик ва гибрид таҳдидлар, янги технологиялар, пандемия ва иқлим ўзгариши.
«НАТО-2030» Хитойнинг кучаяётганини кучлар мувозанатига таъсир қилувчи омил деб тан олди.
“НАТОнинг 2030 йилгача бўлган сиёсатига кўнган раҳбарлар альянсни янада кучлироқ ва келажакка мос қилувчи қарорлар қабул қилди”, – деди саммит якунидаги матбуот анжуманида қатнашган НАТО Бош котиби Енс Столтенберг.
Москва қонунга хилоф бирор иш қилганини инкор этади, бироқ НАТО аъзолари назарида, Россия чегарада қўшин тўплаб, яширин ҳаракатлари ва киберҳужумлари ёрдамида Ғарб давлатларини емиришга интилмоқда.
Аъзо давлатлар янги киберхавфсизлик сиёсатини қабул қилишга келишиб олди.
“Кибербўшлиқда рақобат доимий бўлиб, тизимимиз хавфсизлигини таъминлаш учун техник салоҳиятимизни кучайтиришимиз, сиёсий маслаҳатлашувларни ўтказиб туришимиз, ҳарбий режалашни бўшаштирмаслигимиз керак”, – деди Столтенберг.
НАТО саммити доирасида АҚШ Президенти Жо Байден Эстония, Латвия ва Литва раҳбарлари билан учрашди. Болтиқ бўйи давлатлари НАТОга аъзо бўлишига қарамай, Кремлнинг минтақадаги мақсадларини хавотир билан кузатиб боради.
Американинг НБС телекомпаниясига яқинда интервью берган Россия Президенти Владимир Путин НАТОни “Совуқ уруш сарқити” деб атади.
“У нега ҳали ҳам мавжудлигини билмайман”, – деди Путин.
Хитой
Столтенбергнинг айтишича, Хитой Болтиқ денгизидан тортиб Африкагача ҳарбий амалиётларда қатнашаётгани НАТО тайёр туриши кераклигини англатади.
“Хитой биз томон яқинлашмоқда. Уни кибербўшлиқда кўряпмиз, Африкада, муҳим инфратузилмамизга ҳам катта сармоя қилмоқда”, – деди альянс раҳбари.
Лондондаги “ Chatxem home” таҳлил маркази илмий ходими Алис Биллон-Галланднинг айтишича, Хитой маҳалладаги янги болага ўхшайди.
Унга кўра, Европадаги иттифоқчилар АҚШ ва Хитой билан ҳамкорлик қилиш билан бирга АҚШ ва Хитой ўртасидаги тортишувлардан узоқроқ туриши керак.
“Европаликлар бу вазиятда ўзини анча эҳтиёткорлик билан тутяпти ва НАТОнинг Хитой ёки Ҳинд-Тинч океани минтақаси билан боғлиқ мавзуларга аралаштирилишига қарши”, – дейди лондонлик таҳлилчи.
Афғонистонни тарк этиш
20 йиллик ҳарбий амалиётдан сўнг АҚШ ва НАТО қўшинларини Афғонистонда чиқаришга келишиб олди. Байден жараённи 11 сентябрь хуружларининг 20 йиллигигача якунламоқчи.
“НАТО раҳбарлари бундан кейин ҳам Афғонистонни қўллаб-қувватлашга, афғон кучлари ва институтларига ёрдам беришга, тренинг билан таъминлашга, халқаро аэропорт фаолиятини молиялашда давом этишга келишиб олди”, – деди Столтенберг.
НАТОнинг Афғонистонда 10 минг қўшини бўлиб, аксарияти Германия, Туркия, Грузия, Руминия ва Италиядан.
Иттифоқчилар қўшинлар чиқарилиши кетидан элчихоналари ва Кобул аэропорти хавфсизлигидан хавотирда. Туркия аэропорт хавфсизлигини ўз зиммасига олишни таклиф этди.
Байден Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдоған билан душанба куни Брюсселда бу ва бошқа мавзуларни муҳокама қилди.
Туркия Россиянинг С-400 ҳаво мудофааси тизимини сотиб олгани, Сурияда мустақил равишда ҳарбий ҳаракатлар олиб боргани, 2020 йилги Тоғли Қорабоғ урушида Озарбайжонни Арманистонга қарши қўллаб-қувватлагани АҚШ блан алоқаларининг таранглашишига сабаб бўлган.
“Вашингтон Туркиянинг Кобул аэропортини қўриқлаш таклифини олқишлагани билан бу икки мамлакат муносабатларидаги муаммоларни ҳал қилишга кифоя қилармикан. Бунга жиддий шубҳам бор”, – дейди Вашингтондаги Стратегик ва халқаро изланишлар марказида Туркия лойиҳаси директори Булент Алириза.
Америка қайтдими?
Байден “Америка қайтди” деган шиорини Брюсселда ҳам иттифоқчиларга уқтирмоқчи.
“АҚШ шу ерда эканини бутун Европа билсин”, – деди Байден Столтенберг билан учрашув чоғида.
Байденнинг Европага сафари ҳарбий альянс билан янгича муносабат ўрнатилаётганидан даракдир. Собиқ президент Доналд Трамп НАТОни эскирган ташкилот деб атаб, АҚШ унинг харажатларини ҳаддан зиёд кўтараётганини айтиб нолирди.
Мухбирлардан бирининг Трамп президентликка қайтса ёки унга ўхшаш арбоб АҚШда ҳокимиятга келса, Столтенберг АҚШнинг альянсдан такрор узоқлаш эҳтимолидан хавотирдами деган саволига НАТО раҳбари сўнгги тўрт йиллик давр мустаҳкам кўп томонлама институтларнинг муҳимлигини кўрсатганини айтди.
“Кейинги йилларда кўплаб иттифоқчи мамлакатларда ҳар хил раҳбарлар сайланади. Ишончим комилки, аҳиллигимиз хавфсизлик манфаатларимизга жавоб беришини англаган муддатча НАТОни хавфсизлигимиз пойдевори сифатида кўришда давом этамиз”, – деди Столтенберг.
Альянс мақсадларини белгиловчи Стратегик концепциянинг ҳозирги кўриниши сўнгги бор 2010 йилда қабул қилинган эди. Ташкилот АҚШда Доналд Трамп президентлик қилаётган даврда уни янгилашга шошмади.