Ашхабодда сув танқислиги: уй-жой коммунал хизматининг бошлиғи ҳибсга олинган, аҳоли сувни ёнғин ўчириш мошиналаридан олмоқда, деб хабар бермоқда “ХТ” интернет нашри.
Амалдорнинг ихтиёрида уйни бошқариш, тозалаш, ободонлаштириш ва шаҳарни сув билан таъминлаш учун ажратилган барча молиявий ресурслар бор эди.
Ушбу маблағларнинг аксарияти мақсадга мувофиқ сарфланмаган. Қувурлар ва насосларни таъмирлаш ёки алмаштириш, ертўлалар ва кираверишларни таъмирлаш ва бошқа коммунал эҳтиёжлар учун пул ҳудуддаги уй эгаларидан ундирилган.
Ашхободдан унча узоқ бўлмаган жойда, Анев дачалари ҳудудида қишлоқ хўжалиги ерлари ва чорва моллари топилган. У ерда коммунал хизматининг бошлиғига бўйсунадиган ташкилотларда расман рўйхатга олинган одамлар ишлаган. Тергов давомида мансабдор шахсга тегишли бўлган бир нечта уй ва квартиралар ҳам аниқланган.
Коммунал хизматининг бошлиғи билан бирга 30 нафардан зиёд киши ҳибсга олинган. Улардан бири, унинг шахсий ҳайдовчиси сўроқдан сўнг вафот этган.
Айни пайтда пойтахтда ҳамон сув мунтазам равишда узиб қўйилади.
Вақти-вақти билан шаҳар ҳокимияти сув таъминоти ўчирилган уйларга сув олиб бормоқда.