2017 йил май ойида Саудия Арабистони қироллик оиласи раҳбари қирол Салмон ибн Абдулазиз Ал Сауд ва АҚШ президенти Доналд Трампнинг учрашуви вақтида, АҚШ раҳбарига сохта йўлбарс терисидан тикилган либослар совға қилинган, деб ёзмоқда The New York Times.
Саудия Арабистонига ташриф Трампнинг АҚШ Президенти сифатида чет элга илк ташрифи бўлиб қироллик оиласи Америка етакчисига ва у билан бирга бўлганларга 82 та қимматбаҳо буюмлар тўплами, шу жумладан оқ йўлбарс ва гепард терисидан тикилган учта чўпонни совға қилган.
АҚШ делегацияси ватанга қайтгач, Оқ уй маъмуриятидаги экспертлар агар совғалар ҳақиқатан ҳам ёввойи ҳайвонларнинг терисидан тайёрланган бўлса, делегация вакиллари 1973 йилда йўқолиб кетиш хавфи остида турган турлар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларни бузган бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Трамп маъмурияти суд жараёнидан қочиш учун саудияликларнинг совғалари ҳақида сукут сақлашга қарор қилган. Аммо ўтган йилнинг ёзида, Трамп АҚШ президентлигидан кетганидан сўнг, ваколатли органлар совғаларга қизиқиб текширув олиб борган.
Экспертиза натижалари бўйича, Трампга совға қилинган маҳсулотлар сохта бўлиб чиқди – совғалар ҳайвон терисига ўхшаб тайёрланган сунъий материаллардан тикилган.
Саудия Арабистонининг Вашингтондаги элчихонаси вакиллари мазкур вазият бўйича изоҳ беришдан бош тортган.