Шахсий кузатувларга кўра, бугун Россия билан муносабатларимиз кўп ёмон эмас. Алоқалар «тенг шерикчилик, стратегик ҳамкорлик» асосига қурилган ва жараён шундай кетаётгандай.
Бироқ ушбу контекснинг кўздан пана жойларида зиддиятлар ҳам йўқ эмасдай назаримда. Бу асосан, Кремлнинг бизга ҳамон тепадан назар ташлаши билан боғлиқ. СССР тугаганига ўттиз йил бўлган бўлса-да, рус сиёсий элитаси тафаккури мудом империяпарастлик ҳавасларидан озод бўлган эмас: собиқ ўлкаларда ўзининг эски диктатини тиклаш ва бошқаларни унга бўйсундириш ҳали ҳам рус ташқи, хусусан, постсовет маконидаги геосиёсий мафкурасининг ўзагини ташкил этади.
Бугун Россияга биз – Ўзбекистон томони олиб бораётган сиёсатнинг баъзи жиҳатлари ёқмаётгани аниқ кўриниб қолаётир. Масалан, “Марказий ва Жанубий Осиё” концепцияси… Ушбу лойиҳа минтақамизни логистик нуқтаи назардан Россияга қарамлигини камайтириши мумкин. Ёки улар буни шундай қабул қилишаётир.
Қолган жиҳатларга ҳам улар томонидан ўша тектоник таъсир доирасига тушиб қолмаслик учун уруниш, деб қаралаётган бўлиши мумкин. Яъни, Ўзбекистон томони ўтган беш йилликда келишилган «Аср қурилиши» мамлакатда АЭС қурилишини «пайсалга солаётир».
Бу ҳақда яқинда Ташқи ишлар вазиримиз ҳам ҳали бу масала атрофлича ўрганилиши, қўшни давлатларнинг фикри бу борада, албатта, ҳисобга олиниши ҳақида хабар берди. Ва ўз ўрнида АЭС қуриладиган Жиззах вилоятига чегарадош Қозоғистон Республикаси ҳудудида яшовчи аҳолининг, маъмуриятнинг ҳам бу борадаги салбий муносабатини Россия томони кўрмаётир, дейиш нотўғри бўлади.
Кейинги асосий масала ЕОИИ масаласидир. Ўзбекистон ҳозир ушбу тузилмада кузатувчи. Аъзолик ҳақида ҳали тугал фикр йўқ. Ўзбек сиёсатчилари айни шу икки фактордан унумли фойдаланишаётир. Пайсалга солиш, торозига солиш, масалага унча аҳамиятли эмасдек совуққон қараш Кремлдагиларнинг асабини таранглаштираётир, менимча.
Ва улар асабий равишда ахборий найрангларга зўр беришаётир. Масалан, Президент сайловлари натижаларини олдиндан айтиб табрик йўллаш, мамлакатнинг ўзида ҳали расмий ахборот чиқмасдан туриб, инагурациянинг куни ва вақтини айтиш…
Бу уларга нима учун керак? Назаримда, кўзланган мақсад шуки, жамиятда «Биз ҳаммасини олдиндан биламиз, малакат раҳбарияти биз билан бамаслаҳат қилади, бунақа ишларни» деган нотўғри кайфиятни шакллантириш.
Бизни ҳамон мустабид ёки неоколаниал ўлка сифатида ўзимизга кўрсатиш, онгимизга қуйиш… Бу эски метод. Қолаверса, бугун у жуда жўн ўйинга айланиб қолган.
Бироқ бу ерда бошқа бир масала бор. Юқорида амалга оширилаётган ишлар, махфий тутилаётган хабарлар у ёққа қандай чиқиб кетаётир? Бу, ўйлашимча, жуда катта ва жиддий ташвишимиздир.