Аёллар колониясидаги маҳбусларга озиқ-овқат етишмаётгани айтилмоқда

ХТ нашри “Туркманистонда жойлашган Тошҳовуздаги аёллар колониясида озиқ-овқат етишмаётгани тўғрисида” хабар бермоқда.

Қамоқхона ичида жойлашган новвойхонада эндиликда 300-350 дона нон ўрнига 150-200 дона нон тайёрланаётгани шунингдек, картошка ҳам белгиланган норманинг ярими – кунига 50 кг ажратилаётгани айтилмоқда.

Колония раҳбарияти маҳкумларга мурожаат қилар экан, улардан “озиқ-овқат етишмовчилиги туфайли юзага келган вақтинчалик қийинчиликларга тушуниш билан муносабатда бўлишни” сўраган. Аёлларга қариндошларидан посилка олишларига тўсқинлик қилмаслик ваъда қилинган. Шунингдек, уларга қишки курткаларни, агар улар ёрқин рангли бўлмаса, қариндошлари олиб келишига рухсат берилган, чунки газ босими пастлиги сабабли колониядаги иситиш жуда ёмон ишлайди.

Колония ходимларидан бири маблағ етишмаслигини Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилар учун маҳкум аёллар томонидан тикилган форма ва ички кийим учун маблағ ажратилмаганилиги билан изоҳлади. У 2-3 ой ичида бу масала ҳал бўлиб, овқатланиш ҳолати яхшиланишига умид қилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, DZ-K/8 колонияси 2013 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, колония 850 маҳбус учун мўлжалланган.