Марказий Осиёда хитой тили оммалаштирилмоқда(ми?)

Хитой коммунистик партиясининг расмий нашри – «Жэнмин жибао»нинг маълум қилишича, Марказий Осиёдаги маҳаллий давлат университетлари ҳузурида фаолият юритаётган 13 та Конфуций институти тилнинг оммалашувида катта рол ўйнамоқда.

Уларнинг бештаси Қозоғистонда, тўрттаси Қирғизистонда, иккитаси Ўзбекистон ва иккитаси Тожикистонда жойлашган.

Пекин Хитой ва унинг қўшнилари ўртасидаги «маданий кўприк» деб атайдиган Хитой таълим муассасаларининг ушбу тармоғига нафақат университет талабалари, балки ўрта мактаб ўқувчилари, мактабни битирган ўқувчилар ва ҳатто нафақадаги кексалар ҳам қабул қилинади.

Хитой Қозоғистонда қишлоқ хўжалиги, нефт ва тоғ-кон саноатида хитой тилида сўзлашувчи мутахассислар тайёрлайдиган янги Конфуций институтларини очишни режалаштирмоқда, дейилади хабарда.

«2021 йил 25 октябрда [пойтахт] Нур-Султонда «Хитой кўприги» халқаро клуби расмий шўъбасининг очилгани Қозоғистонда хитой тилига қизиқиш ортиб бораётганидан далолатдир», деб ёзган эди «Жэнмин жибао».

Газета, шунингдек, хорижда таҳсил олаётган 91 мингдан ортиқ қозоғистонликларнинг 14 мингдан зиёди Хитойдаги таълим муассасаларининг талабалари эканини таъкидлаган.

Хитой тилини ўрганиш истагидаги ёшлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда, дейди 2015 йилда Хитойдан Қозоғистонга кўчиб келган Шинжон университети битирувчиси, Олмаотада хитой тилидан дарс берувчи Абдухалал Кенесбайули.

«Талабаларим Хитойнинг нафақат Қозоғистон, балки бутун минтақада ўз фаолиятини ривожлантираётганини кўрмоқдалар», дейди Кенесбаули.

«Одамлар шамол қайси тарафга эсаётганини англаб, ўзгаришларга тайёр туришни хоҳлаяптилар.»

Хитойнинг Қирғизистондаги элчиси Ду Девеннинг 11 октябр кунги баёнотида айтилишича, айни пайтда Хитой университетларида 5000 дан ортиқ қирғизистонлик талаба таҳсил олмоқда, айни вақтда Қирғизистондаги тўртта Конфуций институти ва 21 та Конфуций синфида 4000 га яқин қирғизистонлик талаба хитой тилини ўрганмоқда.

2017 йилда Пекин хитой тили интенсив ўқитиладиган Бишкекдаги 95-сонли мактаб қурилишини молиялаштирди.