АҚШ Афғонистонга қарши сиёсат ва иқтисод орқали курашни давом эттирмоқда – Толибон

“АҚШ Афғонистонни 2001 йилда кундузи ишғол қилган ва улар бу ердан қочиб чиққанларида, соат 00.00 ни кўрсатган эди”, деди Толибон муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири ўринбосари Шер Муҳаммад Станекзай.

У Кобул активларининг музлатилишини Афғонистон ишларига аралашиш деб баҳолади.

Расмийнинг қўшимча қилишича, дунё томонидан Афғонистонга кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдами етарли эмас ва мамлакатдаги мавжуд муаммоларнинг юздан бирини ҳам ҳал қилишга қодир эмас.

Станекзай қўшни давлатларни Афғонистон ўз қўшнилари билан савдо қилиши учун чегараларини очиқ сақлашга чақирди, шунингдек, афғонлар учун визани соддалаштиришга чақирди.

“Биз барча давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатишни хоҳлаймиз. Бироқ дунё ва биринчи навбатда АҚШ Афғонистонда мустақил ҳукумат бўлишини истамайди ва шунинг учун улар Толибон раҳбарияти билан консенсусдан қочишади”, — дея қўшимча қилди у.