Украина ва Россия ўртасидаги уруш тўғрисида фикр билдирмаганлар қолмади шекилли. Аммо ушбу тўқнашув ва ундан кейинги воқеалар бизга қандай таъсир қилиши мумкинлигини ҳануз фаҳмламаган кўринамиз. Уларга баҳо беришдан, ўзимиз қандай қадамлар ташлашимиз зарурлиги тўғрисида кўпроқ қайғуришимиз керак деб уйлайман.
Сиёсий масалада сўз юритмоқчи эмасман, ҳукумат нейтрал эканлигимизни эълон қилди ва бу биз учун энг тўғри позиция.
Иқтисодий масалада эса, вазият анча чатоқ.
Энг аввало, Россия Ғарб билан узоқ муддатли зиддиятга кирди. Путин ўз ўрнида қолса (у эса бунинг учун ядро қуролидан ҳам фойдаланишдан тийилмаслигини ишора қилди), Россия келгуси камида 5-7 йил давомида кучли санкциялар остида бўлади. Бундан ташқари, мудофаа харажатлари каррага ошади. Инвестион муҳит жиддий ёмонлашиши туфайли, иқтисодий ўсиш суръатлари 0 ёки негатив бўлади, капитал чиқиб кетиши ва инфляция кучаяди.
Биз буни хоҳлаймизми, йўқми, аммо Россиядаги иқтисодий ҳолатга биз ўта даражада боғлиқмиз. Энг аввало, Россияда 4 млнга яқин қоракўзларимиз (бизни ҳақиқий қахрамонларимиз) меҳнат қилади (расман Россияда патент тўлайдиганлар 3,4 млн), ва 2021 йилда Ўзбекистонга 8 млрд доллар пул жўнатишган.
Бизнинг салбий ташқи савдо сальдоимиз ҳолатида, бу маблағлар Ўзбекистондаги иқтисодий ўсишни ушлаб туриш ва айниқса миллий валютани барқарорлигини сақлаш учун сув ва ҳаводек зарур. Рақамлар буни исботлайди.
Ташқи савдо 2021 йилда жами 42,1 млрд доллар бўлган, бундан импорт 25,5 млрд, экспорт эса 16,6 млрд доллар бўлди (яъни, 9 млрд доллар дефицит бор). Ва ўша 16,6 млрддан ҳам 4 млрд доллар тилла ва қимматбаҳо металлар сотиш эвазига (бу тилла олтин захирамизни тўлдиришга кўмаклашиши ҳам мумкин эди, уни мажбурликдан сотяпмиз деб ўйлайман). Шунга, ўша мигрантларимиз юборган 8 млрд шу жумладан ташқи савдо дефицитини қоплаш учун ҳам зарур эди, 4 млн ўзимизда иш тополмаётган фуқароларимиз оилаларини боқаётганлигини гапирмаяпман ҳам.
Юқорида айтилган Россиядаги иқтисодий вазият натижасида, инвестициялар камайиши мигранталрга эҳтиёжни камайишига олиб келади, инфляция эса ойликларини пасайишига. Натижада, айтайлик, икки карра кам мигрант, устига инфляция ҳисобига ҳар бири 25% кам пул топса, бизга 2та жиддий таъсири бўлади: 1) 8 млрд ўрнига 3-3,5 млрд маблағ келади, ва 2) Россияга кета олмаган 2 млн ишсиз масаласи ижтимоий аҳволимизни издан чиқариши мумкин.
Украина ва Россия ўртасидаги вазиятга таъсир қилолмасак ҳам, бизга бўладиган таъсирини камайтиришимиз ҳали мумкин, аммо автопром бўйича қабул қилингани каби чала чоралар билан эмас албатта.
Бундан ташқари, ҳар бир кризис – бу қийинчилик, аммо шу билан бирга имконият ҳам. Шундан келиб чиқиб, бир нечта фикр бермоқчиман:
1. Иш жойларини яратиш бўйича шиорбозликдан воз кечиш керак. Ҳамма кирикаш ва аравакашни, ҳовлисига тўртта дарахт экканларни ҳам “ўзини ўзи банд қилган” деб, яратилган иш жойлар рақамини ишириб бўлдик. Иш жойларини яратиш бевосита тадбиркорлик муҳитига боғлиқ, бу борада тизимли ҳал этиш керак бўлган масалалар талайгина – мулк химояси, солиқ юки ва сиёсати, аҳолини молиявий саводхонлиги, кредит ставкалари, ер реформаси, ва ҳ.к. Ва албатта маблағ чекланганлиги туфайли, биринчи навбатда кўпроқ ишчи куч талаб қиладиган соҳаларни қўллаб қувватлаш керак. Ҳануз тушунмайман, масалан, нима учун бизда иссиқхона секторига эътибор қаратилмайди, ахир қишлоқ хўжалигида бу энг кўп қўшимча қиймат яратадиган, энг экспорт салоҳияти юқори ва энг кўп ишчиларни банд қилиш мумкин бўлган соҳаку? Уларга газни арзон қилиш ўрнига қиммат қилдик, вақти вақти билан ўчириб ҳам турдик, экспортини эркин қилиш ўрнига чегараларни очиб-ёпиб анчасини банкрот қилдик, экспорт қилишда вақти вақти билан монополиялар ҳам яратиб кўрдик, хуллас давлат у соҳани ривожланмаслиги учун қаттиқ меҳнат қилди. Балки энди тушунармиз?
2. Россия Европа билан иқтисодий алоқалари бузилганлиги биз учун айрим имкониятларни туғдиради, ва биз бундан фойдаланишимиз мумкин. Европа ва АҚШдан Россияга импорт қилинаётган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар эгалари Россия бозорини тўлиқ йўқотишни истамайди деб ўйлайман. Фурсатдан фойдаланиб, улар билан Ўзбекистонда қўшма корхона қилишни таклиф қилиб кўриш керак. Айрим маҳсулотларни эса ўзимизнинг тадбиркорларимиз ҳам эплаб ишлаб чиқариши мумкин, давлат қўллаб қувватласа ва шунга етарли шароит яратилса албатта. Автопром ҳам қимирлаб қолар балки, ақли етса. Хаво йуллари хам…
3. Бизда камида яқин 10-15 йилда ўзимизга керагидан кўпроқ ишчи кучи бўлади, давлат қанча ҳаракат қилмасин, йилига 1-1,5 млн реал иш жойларини ярата олмайди. Меҳнат миграцияси аслида биз учун ягона ечим. Аммо меҳнат бозорларини диверсификация қилишимиз керак, битта Россияга боғланиб қолмасдан. Унинг учун, ҳар бир ишчи кучи танқис бўлган мамлакат билан алоҳида ишлаш, ҳар бири учун мутахассислар тайёрлаш бўйича алоҳида дастурларни йўлга қўйиш керак. Масалан, Европа, Австралия, Жанубий Корея, Канада ва кўплаб бошқа ривожланган давлатларда охирги йилларда ўзига керакли касб эгаларини жалб қилиш бўйича дастурлар мавжуд. Эҳтиеж билдирилган касблар ичида сантехник, электрик, сваршик, ошпаз каби кўплаб касблар бор. Асосий талаб – тил ва касбини уларнинг талаб даражасида билиш. Ўз вақтида яратилган коллежлар тизими ишламагани у керак бўлмаган дегани эмас, ва касбий таълимни кенг кўламда ташкил қилиш ва унда ташқи бозордаги эҳтиежни эътиборга олиш бизга керакли натижани бериши аниқ. Аммо у сифатли (талабгор давлат стандартларига мос) ва арзон (ёки бепул) бўлиши керак. Бу борада Туркия тажрибасини ўрганса бўлади.
4. Россиянинг ривожланган дуне билан алоқалари таранглашиши Россияликларни туризм йўналишларига ҳам таъсир кўрсатади. Биз уларни охирги йилларда қайси йўналишларда ва нима мақсадда кўпроқ саёҳат килганликларига қараб, айрим тоифадаги туристларни ўзимизга буришимиз керак. Фақат маданий-тарихий туризмни эмас, гастрономик, рекреацион, экстремал туризм каби йўналишларни жиддий ривожлантиришга ҳаракат ўз натижасини беради.
5. Юқоридагиларни барчасини амалга оширсак ҳам, яқин 5 йил Россия бизнинг меҳнат мигрантларимиз учун асосий йўналишлигича қолади. Россияда шароит оғирлашгани сари, қахрамонларимизни озгина қўллаб қувватлашимиз керак, ўзимизда шароит қилиб бера олмаётганимизга яраша. Арзон билетлар, Россиянинг катта шаҳарларида бепул тиббий ердам ва ҳуқуқий маслаҳат, бепул ва сифатли консуллик хизматлари, хорижда меҳнат қилиши давомида ногиронлик олса ёки кўз юмса, оиласига сезиларли моддий ердам бериш тизими каби.