2021 йилда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги товар айланмаси ҳажми 490 млн. долларни ташкил этганига қарамай, бунинг 90,4 фоизи, яъни, 461 млн. доллар Ҳиндистондан Ўзбекистонга импорт ҳажмини ташкил қилади. Ўзбекистондан Ҳиндистонга экспорт ҳажми эса атиги 29 млн. доллар эди. Ваҳоланки, Ҳиндистон деярли 1,5 миллиардга яқин аҳолиси бор улкан бозор ҳисобланади. Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун мазкур бозорга чиқиш ҳамда бу йўналишда экспорт ҳажмини ошириш стратегик аҳамиятга эга.
Ҳиндистон маҳсулотларига бизнинг эҳтиёж кўпроқ. Масалан, Ҳиндистондан фармацевтика маҳсулотлари, жуда кўп дори-дармонлар бозоримизга кириб келган. Улар арзонлиги билан бошқа ишлаб чиқарувчи мамлакатлар маҳсулотларидан устун. Шунингдек, Ўзбекистонга текстиль соҳасидаги ускуналар кириб келган. Катта-катта фабрикаларга ўрнатиляпти. Шу билан бирга, Самарқанддаги МAN заводининг айрим кузовларидан тортиб, катта қисмларигача Ҳиндистондан келади. Чунки, МAN заводининг катта йирик корхонаси Ҳиндистонда жойлашган. Машина қисмлари ўша ердан олиб келиниб, бу ерда йиғилади. Шу билан бирга, автомобиль эҳтиёт қисмлари кириб келади, бундан ташқари, хизмат кўрсатиш соҳасини ҳам айтишимиз мумкин. 8 мингдан зиёд аҳолимиз даволаниб келди. Жарроҳлик операциялари амалга оширилди. Қолаверса, Ҳиндистондан ҳатто телефонларгача кириб келади.
Афсуски, бизда эса улар учун маҳсулотлар кам. Бўлса ҳам, транспорт-логистика муаммоси бор.
Лекин, бизнинг саноат ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимизга нисбатан жаҳон бозорларида қизиқиш кучли бўлса-да, ҳар бир бозор, дейлик, ҳар бир мамлакатнинг қизиқиши ўзгача. Ҳиндистон ўз бозори бор ва озиқ-овқат ҳамда бошқа саноат маҳсулотлари бўйича ишлаб чиқариш ҳажми жуда катта бўлгани учун бошқа ҳудудлардан келадиган маҳсулотларнинг бу бозорларга кириши нечоғли манфаатли бўлади, талабга жавоб берадими ёки йўқ деган маънода ҳисоб-китоб қилинади. Лекин, қандай бўлмасин, биз биламизки, Ҳиндистон томонидан очиқ-ойдин айтилган: худди шу савдо йўлларини очиш, транспорт алоқаларини йўлга қўйиш бўйича Ҳиндистон манфаатдор. Ва бундай лойиҳаларни у очиқ-ойдин қўллаб-қувватлайди. Мисол учун, ўтган йили июль ойида Тошкентда бўлиб ўтган катта конференцияда Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон вакиллари очиқ-ойдин шундай ғояни қўллаб-қувватлашди, яъни, Марказий Осиёни темир йўллари билан боғлаш, савдо йўлларини очиш ўзаро савдо алоқаларини йўлга қўйиш ғоясини назарда тутяпман.
Бу конференция айнан шу мақсадга бағишланган эди. Қолаверса, “шимол томон”, яъни, Марказий Осиё томон йўл очиш стратегияси негизида ҳам айнан шу ғоя мужассам. Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон билан савдо-сотиқни йўлга қўйиш мақсад қилинган. Демак, сиёсий ирода мавжуд, қизиқиш бор, имконият ҳам бор. Лекин бу ерда масаланинг бошқа жиҳатларини ҳисобга олиш лозим. У ҳам бўлса, Ҳиндистон билан Ўзбекистонни боғловчи ҳудуд – Афғонистон ва Покистон. Улар беқарор ўлка. Шунинг учун ҳам, турли лойиҳалар қанчалик жозибадор бўлиб кўринмасин, амалга ошириш ҳозир жуда мушкул. Биламизки, 90-йилларнинг охиридан бошлаб, бир неча лойиҳалар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланган эди.
Шу жумладан, Ўзбекистон, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Туркманистон ҳам. Лекин ҳанузгача бу лойиҳалар амалга ошгани йўқ. Энди “Марказий Осиё – Жанубий Осиё” конференциясида транспорт орқали боғланиш ғояси ҳам ўртага ташланди. Қўллаб-қувватлов мавжуд, лекин, амалда, албатта, ҳали беқарорлик, хавфсизликка таҳдид, терроризм ўчоқлари билан боғлиқ тўсиқлар бисёр.
Балки шунинг учун ҳам, савдо-сотиқ ҳам, иқтисодий алоқалар ҳам, у қадар тезкор суръатда амалга ошмаётгандир.