Кеча Францияда президентлик сайловлари ўтказилди. Сайловчиларнинг 74.85 фоизга яқини иштирок этган сайловда 99 фоиз овоз натижаларига кўра Эммануэл Макрон сайловчиларнинг 27,6 фоиз, унинг асосий рақиби, ўнг қанот “Миллий фронт” партияси етакчиси Марин Ле Пен 23,4 фоиз овоз тўплаган. Шу тариқа, улар 24 апрель куни бўлиб ўтадиган иккинчи босқичга йўл олдилар.
Сайловда жами 12 нафар номзод иштирок этди. Макрон ва Ле Пендан ташқари энг юқори натижани журналист, Европарламентнинг собиқ депутати, Франция парламентининг чап қанот “Бўйсундирилмаган Франция” партияси аъзоси Жан-Люк Меленшон қайд этди. Унга 22 фоизга яқин сайловчи овоз берган.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилги аввалги сайловларда ҳам Макрон ва Ле Пен асосий рақиб бўлган. Макрон биринчи турда 24 фоиз, Ле Пен 21 фоиздан кўпроқ овоз тўплади. Иккинчи турда Макронни 66 фоиз сайловчилар қўллаб-қувватлаган, унинг рақиби эса 34 фоиздан сал камроқ овоз олган.
Макрон барча Ғарб етакчиларининг Владимир Путин билан асосий музокарачиси ҳисобланади. 7 февраль куни у Россия президенти билан учрашиш учун Москвага келди. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам у Путин билан бир неча бор телефон орқали мулоқот қилган. Таҳлилчиларнинг қайд этишича, Макрон Ангела Меркел Германия канцлери лавозимидан кетганидан кейин Европа етакчиси ролини ўз зиммасига олишга уринмоқда.