Россияда ишини йўқотган ўзбекистонликлар қаерга бориб ишлаши мумкин?

Прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) Ўзбекистондан меҳнат миграциясини ўрганиш натижаларини эълон қилди. Таъкидланишича, иқтисодиётнинг Россиядаги мигрантлар пул ўтказмаларига юқори даражада боғлиқлиги меҳнат бозори ва мамлакатдаги вазиятни тобора оғирлаштирмоқда, шунинг учун ишчи кучини экспорт қилишнинг янги имкониятларини кўриб чиқиш зарур.

Тадқиқот давомида, агар Ўзбекистон фуқаролари Россияда иш ва даромадларини йўқотган тақдирда улар ишлаши учун бошқа энг мақбул йўналишлари сифатида Польша, Болгария, Литва, Чехия, Франция, Германия ва Буюк Британия давлатлари кўрсатилган. Сингапур, Саудия Арабистони ва Япония ҳам алоҳида таъкидланган.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки маълумотларига кўра, Россиядан пул ўтказмалари Ўзбекистон учун валюта тушумлари ва даромадларининг энг муҳим манбаи ҳисобланади (ялпи ички маҳсулотнинг 11,4 фоизи). Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, 2021 йилда Россияда 1 миллион 36 минг меҳнат муҳожири бўлган. Ҳар бир меҳнат мигрантига тўғри келадиган ойлик пул ўтказмалари миқдори 453 долларни ташкил қилган.

Тадқиқотда қайд этилишича, Ўзбекистоннинг иқтисодий барқарорлиги кўп жиҳатдан мигрантлар пул ўтказмалари оқимига боғлиқ бўлиб, демак, борадиган мамлакатларнинг миграция сиёсатига боғлиқ. Муҳожирларни ватанга қайтишга мажбур қиладиган ҳар қандай иқтисодий зарба мамлакатдаги ишсизлик даражасини кескин оширади ва пул ўтказмаларини тўхтатиб, қашшоқликни янада кучайтиради.

Бугунги кунда меҳнат муҳожирларининг асосий йўналишлари Россия (61,5 фоиз), Қозоғистон (16,9 фоиз), Туркия (6,1 фоиз), Жанубий Корея (2 фоиз), БАА (0,8 фоиз) ҳисобланади. 2 миллион 356 минг меҳнат муҳожирининг 75,9 фоизини эркаклар, 24,1 фоизини аёллар ташкил этади. Муҳожирларнинг асосий қисми қурилишда – 51,6 фоиз, қишлоқ хўжалигида – 12,3 фоиз, саноатда – 9,2 фоиз ва савдода – 8,5 фоиз ишлашади.

Инглиз тилини билиш, дипломатик ваколатхонанинг мавжудлиги, авиачипталар нархи, шунингдек, бораётган мамлакатда ЯИМнинг аҳоли жон бошига улуши меҳнат муҳожирлиги учун муҳим омиллар эканлиги маълум қилинган.

Тадқиқот муаллифларининг аниқлашича, иш билан таъминлаш мумкин бўлган мамлакатларда инглиз тилига бўлган талаб Ўзбекистондан меҳнат миграцияси оқимини 55 фоизга қисқартиради.

манбаа