Қозоғистон Россиянинг ЕОИИ давлатларига буғдой эскпортининг вақтинча тақиқланишига ўз эътирозини билдирди.

Қозоғистон Россиянинг ЕОИИга дон экспортини тақиқлашига қарши чиқмоқда.

Мамлакат қайта ишлаш учун ғалла тақчиллигига дуч келмоқда ва Россиянинг буғдой, жавдар, арпа ва маккажўхори экспортини бир томонлама тақиқлашини ЕОИИ шартнома шартларига тўғри келмаслигини таъкидламоқда.

Россиялик ҳуқуқшунослар бўлса, русларнинг бунга ҳаққи борлигига даъво қилмоқда.

Биринчидан, Қозоғистонда  Беларуснинг иттифоқ давлати сифатида мазкур тақиқдан истисно қилинишига дискриминацион ҳолат деб қарашмоқда. Шунингдек, Қозоғистон 30 июнгача 11 миллион тонна квота доирасида учинчи давлатларга дон экспортини давом эттирмоқда. Aммо айни пайтда Қозоғистон Ўзбекистон, Тожикистон ва Aфғонистонга реэкспортнинг олдини олиш учун Россия Федерациясидан экспортга тақиқ жорий этилганини унутиб қўймоқда.

Россиядан учинчи давлатларга экспорт қилишда экспорт божлари мавжуд бўлган ҳолда иттифоқ доирасидаги божсиз савдо ҳисобига шаклланадиган нарх фарқи туфайли Қозоғистон орқали қайта экспорт қилиш жуда қулай ва фойдали бўлиб келган. Бу мавсумда Қозоғистон ҳосил билан боғлиқ муаммолар фонида Сибирда буғдой харидини кескин оширди.

Тақиқ қозоғистонлик бизнесга аллақачон салбий таъсир кўрсатган – мамлакатдаги тегирмонларнинг 50-70 фоизи ё тўхтаб қолган ёки захиралари тугаб қолган. Шу фонда Қозоғистон ҳам буғдой ва ун экспортига квота киритди.

23 мартдан бошлаб Сибирда 3-синф буғдойининг ўртача нархи 4,6 фоизга пасайиб, бир тонна учун 15,3 минг рублни ташкил қилди. Aгар яқин келажакда ЕОИИга экспорт қилиш тақиқи бекор қилинса, бу Сибир ва Уралда дон нархининг ошишига олиб келиши мумкин.

Мутахассисларнинг фикрича, ЕОИИ давлатларининг Россия Федерациясидан дон экспорти учун умумий квотага киритилиши муаммонинг ечимига айланиши мумкин.