Президент китобини сиёсий дастак сифатида пуллаётганлар

Бюджет ташкилотлари томонидан 1,8 миллиард сўмлик “Янги Ўзбекистон стратегияси” китоб ва плакатлари харид қилинган.

“Газета.uz” нашрининг олиб борган ўрганишлари натижасида, мамлакат бўйлаб бюджет ташкилотлари томонидан президент муаллифлигидаги “Янги Ўзбекистон стратегияси” номли йирик (баландлиги ярим метрдан ортиқ) китоб ва плакатларни харид қилиш учун қарийб 1 миллиард 800 миллион сўм маблағ сарфланганлиги аниқланган. Айни вақтда мазкур маҳсулотлар бир-бири билан ҳамкорликда фаолият кўрсатадиган иккита корхона томонидан етказиб берилганлиги айтилмоқда.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мазкур корхоналар Шавкат Мирзиёевнинг асаридан рухсатсиз фойдаланиб, муаллифлик ҳуқуқини бузганини маълум қилди. Гап ахборот технологиялари соҳасида дастурий таъминот ниқоби остида бир етказиб берувчидан сотиб олинган, QR кодлари билан белгиланган рамкали қоғоз китоблар ва плакатлар ҳақида бормоқда.

Қорақалпоғистон Республикасидан тортиб Андижон вилоятигача 300 га яқин бюджет ташкилоти жорий йилнинг январь ойидан 10 майга қадар давлат харидлари порталининг электрон дўконидан 1 миллиард 780 миллион сўмга баҳоланган ушбу маҳсулотдан камида 378 дона харид қилинган.

Асосий харидорлар тиббиёт муассасалари ва бўлимлари, эпидемиология станциялари, олий ўқув юртлари, ихтисослаштирилган коллежлар, техникумлар ва бошқа шунга ўхшаш фақат ва фақат додини бошқага айтса эшитмайдиган бюджет ташкилотлари. Шу билан бирга, харидорлар орасида Молия вазирлигини ҳам кўриш мумкин.

Китоб ва плакатларнинг асосий қисми Тошкент тиббиёт академияси томонидан харид қилинган – жами 120,7 миллион сўм.

Самарқанд давлат ветеринария, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Ахборот-ресурс маркази шу каби Конституция мавзусидаги китоблар харид қилингани ҳақида 2021 йилнинг март ойида хабар берган.

Таҳририятнинг Шавкат Мирзиёевнинг асаридан рухсатсиз фойдаланиб, муаллифлик ҳуқуқи бузилганми, деб юборган мурожаатига “Huquqiy Axborot ва El-Madad компаниялари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” асарининг асл нусхаси ёки нусхаларини сотиш ёки мулк ҳуқуқини бошқа йўл билан ўтказиш йўли билан тарқатиш учун муаллифлик ҳуқуқи эгаларининг розилигини олмаган”, — дейилади Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Адлия вазирлигининг Интеллектуал мулк бошқармаси берган хабарда.

Спецификацияга кўра, қаттиқ чарм муқовали “Янги Ўзбекистон стратегияси” деб номланган “гигант китоб”нинг ўлчамлари 60×42 см бўлиб, 14 варақдан (28 бет) иборат бўлиб, оғирлиги 11 кг. Китобнинг нархи 7 миллион 820 минг сўмни ташкил этади.

8 донадан иборат плакатлар тўпламининг ўлчамлари 55х70 см, сирланган ва оқ МДФ билан рамкаланган. Комплектнинг нархи 4,25 миллион сўмни ташкил этади.

Маҳсулотга жойлаштирилган QR кодни сканердан ўтказсангиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобининг аудио версиясини тинглашингиз мумкин.

Давлат харидлари порталида “Ijtimoiy rivojlanish” ва “Huquqiy Axborot” хусусий компаниялари китоб ва плакатларни етказиб берувчи ягона ташкилотлар ҳисобланади.

Китоб ва плакатларнинг лойиҳа муаллифи сифатида “El Madad Guruhi” компанияси бош директори Мардон Аслонов кўрсатилган.

“Биз рухсат кераклигини билмасдик”

“El Madad Guruhi” директори ўринбосари Хожиакбар Хусанов “Газета.уз” мухбири билан телефон орқали суҳбатда компания фойдаланиш учун китоб муаллифидан рухсат олиш зарурлигини билмаслигини айтди.

“Huquqiy Axborot” раҳбари Шерали Баротов президент китобларини оммага тарғиб қилишда “ёмонлик кўрмаётганини” таъкидлади. Унга кўра, китобнинг аудиоёзув муддати 15 соатни ташкил қилади.

Китоб эсдалик совғаси сифатида ишлаб чиқилган ва унга ўзгартиришлар киритилмаган ёки қўшилмаган, деган компания вакили ва уни “катта куч сарфланган” “ижтимоий лойиҳа” деб атади.

Китоблар учун пул бор

Демак, бюджет ташкилотларининг айниқса, тиббиёт ва ветеринария, чорвачилик, биотехнологиялар билим юртларида ярим метрли рамкали қоғоз китоблар ва плакатлар учун жуда катта маблағлар сарфлаш учун бюджет борлиги қувонарли.

Бироқ, ачинарли томони 2та оддий МЧЖ давлат раҳбарининг муаллифлигидаги китобини бемалол кўпайтириб давлат бюджетидаги ташкилотларга миллиардлаган маблағларга пуллаши.

Очиқ маълумотларни олиб пуллаш ёмон ишмасдур бироқ, жамоатчилик ўқиши учун давлат раҳбарининг муаллифлигидаги китобни сиёсий дастак сифатида пуллаши бу жиноят эмасми?!