Ўзбекистон Республикаси Конституциявий комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, “Барқарор ривожланиш маркази” ННТ ҳамда Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Лойиҳалар бўйича мувофиқлаштирувчи идораси кўмагида Тошкент шаҳрида “Ногиронлар ҳуқуқларининг дунё мамлакатлари Конституцияларида акс эттирилиши” мавзусида Халқаро жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.
Жамоатчилик эшитувидан кўзланган мақсад – аҳолининг заиф қатламлари ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий ва халқаро тажрибани ўрганиш, ногиронлар ҳуқуқларини кафолатловчи тамойилларнинг дунё конституцияларида акс эттирилиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Конституциявий қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Бу борада умумэътироф этилган халқаро меъёрлар ва стандартларни миллий қонунчиликка татбиқ этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги 5 йил ичида Давлат раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро Конвенцияни (НҲК) ратификация қилди, мамлакатимиз Осиё-Тинч океани минтақасида ногиронларнинг асл ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Инчхон стратегиясига қўшилди, иккита янги “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида” ги ҳамда “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий заиф тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.
Мазкур қонун ҳужжатлари инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларда акс эттирилган ногиронларнинг ҳуқуқларини таъминлашга оид асосий тамойилларни, шу жумладан,
• ногиронларнинг қадр-қиммати, мустақиллиги, танлаш эркинлигини ҳурматлаш;
• ногиронлик туфайли камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик;
• инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда имкониятларнинг тенглиги;
• ногирон болаларнинг ривожланаётган қобилиятларини ҳурмат қилиш ва уларнинг индивидуаллигини сақлаб қолиш ҳуқуқи;
• ногиронлар учун турли объектлар ва хизматлардан тўсиқсиз тўлақонли фойдаланиш имкониятининг мавжудлиги;
• ногиронларни жамият ва давлат ҳаётига жалб қилиш каби тамойилларни ўзида мужассам этди.
Бундан ташқари, мамлакатимизда 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш доирасида, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар ишлаб чиқилди ҳамда изчил амалга оширилмоқда. Унда ногиронлар ҳуқуқларини таъминлашга доир мақсад ва вазифалар ҳам ўз аксини топган. Шунингдек, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси амалга оширилмоқда. Бу борадаги аниқ мақсадли вазифалар белгилаб олинди ва ҳал этилмоқда. Улар қуйидагиларни ўз ичига олади:
• таълим муассасалари шароитларини имконияти чекланган болаларнинг манфаатларини ҳисобга оладиган даражада яхшилаш орқали ногиронлар учун барча даражадаги таълим ва касбий-техник тайёргарликдан тенг фойдаланиш имкониятини, барча учун хавфсиз ва самарали ўқитиш муҳитини таъминлаш;
• барча хотин-қизлар ва эркакларни, шу жумладан, ёшлар ва ногиронларни барқарор ва самарали иш билан банд этиш ҳамда муносиб иш билан таъминлаш шунингдек, тенг қийматли меҳнат учун тенг иш ҳақи тўланишини таъминлаш.
• ногиронлигидан қатъи назар, барча одамларнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётда фаол иштирокини рағбатлантириш;
• ногиронларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, жумладан, уларнинг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол жалб этишни таъминловчи инклюзив таълим ҳамда иш билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш орқали уларнинг яшаш сифати ва турмуш фаровонлиги даражасини ошириш, шунингдек, ногиронликни аниқлаш бўйича ижтимоий модель тизимига босқичма-босқич ўтишни таъминлаш ва бошқалар.
Бундан ташқари, ногиронларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг институционал асосларини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимоя ва тиббий-ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини жорий этишга янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро Кенгаш, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Ногиронларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа қатламларининг автоматлаштирилган ягона электрон реестри тизими яратилди.
Жамоатчилик эшитуви иштирокчилари бугунги кунда ногиронларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинаётганлигини таъкидладилар. Бироқ, амалдаги Конституцияда ногиронлар ёки имконияти чекланган шахслар ҳақида сўз юритилмаган. Шу муносабат билан Конституциявий қонун лойиҳасига ушбу соҳага тааллуқли бир қатор янги бандлар киритилди.
Мазкур янгиланишларнинг Биринчи гуруҳи Конституциянинг Муқаддимасида ўз ифодасини топган ҳамда улар:
• Ўзбекистон ягона халқининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлигини мустаҳкамлаш;
• ҳар бир инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати, фаровонлиги ва манфаатлари ҳақида ғамхўрлик қиладиган инсонпарвар ва ижтимоий давлатни барпо этиш ва мустаҳкамлашга интилишни акс эттиради.
Иккинчи гуруҳ Конституциянинг 13 ва 18-моддаларидаги нормалардан иборат бўлиб, унда:
• инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, унга риоя қилиш, ҳимоя қилишга давлатнинг масъул эканлиги;
• инсон қадр-қиммати, асосий ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз, ажралмас ва ҳар бир инсонга туғилганидан бошлаб тегишли эканлиги қайд этилади.
Янгиланишларнинг Учинчи гуруҳи Конституциянинг 39-моддасига киритилган:
• ҳар бир шахс кексайганда, ишга яроқсиз бўлганда, ишсизлик, ногиронлик, шунингдек боқувчисини йўқотган ҳолатларда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга;
• давлат ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратади, давлат пенсиялари, нафақалари ва бошқа ижтимоий ёрдам турларини белгилайди. Шу билан бирга, пенсиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий ёрдам турлари расмий равишда белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан паст бўлиши мумкин эмас;
• давлат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган, яхши уй-жой шароитларига муҳтож фуқароларни уй-жой билан таъминлайди, ногиронларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун зарур бўлган тенг шароитларни яратади;
• ногиронларга нисбатан ҳар қандай яккалаш, ажратиш, четлатиш, чеклаш ёки афзал кўриш, шунингдек ногиронларга объектлар ва хизматлардан фойдаланиш учун шароит яратишдан бош тортиш тақиқланади.
Тўртинчи гуруҳ Конституциянинг 40-моддаси нормаларида ўз аксини топган:
• ҳар бир инсон соғлиқни сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга;
• фуқаролар қонунда белгиланган ҳажмда кафолатланган бепул тиббий ёрдам, шунингдек, тез ёрдам ва шошилинч тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга.
Бешинчи гуруҳ Конституциянинг 41 ва 45-моддаларида кўрсатилган ҳуқуқлар билан боғлиқ:
• махсус таълимга эҳтиёжманд ва индивидуал имкониятлари бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбия ташкил этилади;
• давлат аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларининг ҳаёт сифатини яхшилашга, бошқа фуқаролар билан жамоат ва давлат ҳаётида тенг иштирок этишлари учун шароит яратишга ва асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўради.
Олтинчи гуруҳ эса Ҳукуматнинг мажбуриятларини мустаҳкамлайди (Конституциянинг 98 моддаси):
• ижтимоий ҳимоя, шу жумладан, ногиронларни ҳимоялаш тизимининг фаолият кўрсатишини таъминлаш;
• фуқаролик жамияти институтларини, шу жумладан, жамоат бирлашмаларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги иштирокини, ижтимоий шериклик дастурларини амалга оширишни таъминлайди.
Халқаро эшитув иштирокчилари томонидан Жаҳон давлатларининг конституциявий ривожланишини ўрганишга асосланган таҳлилларга таянган ҳолда қайд этилдики, дунё мамлакатлари орасида ўз Конституциясига ногиронлар тенглиги тўғрисидаги қоидани киритган биринчи мамлакат Канада бўлиб, унда: “Ҳар бир шахс ҳеч қандай камситишсиз, шу жумладан, ирқи, миллати, дини, жинси, ёши, ақлий ёки жисмоний нуқсонларидан қатъий назар қонун олдида тенгдир.”, дейилади.
Германиянинг Асосий қонунида ҳам худди шу мазмундаги норма мустаҳкамлаб қўйилган: “Ҳеч бир инсон ногиронлиги сабабли камситилиши мумкин эмас”. Қонунга кўра, ҳар бир фуқаро “реабилитация қилиш ва одатий ҳаёт тарзига интеграциялашиш ҳуқуқига эга”, мамлакатнинг Асосий қонуни қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларининг нафақат федерал даражадаги, балки барча маҳаллий федерал ерлар ҳамда жамоалар доирасидаги қуйи даражалари, шунингдек, турли жамоат идоралари ва муассасалари зиммасига барча тоифадаги ногиронларни “имкон қадар одатий ҳаёт тарзига киритиш, интеграциялаш” бўйича барча чораларни кўриш масъулиятини юклайди.
Ногиронларнинг ҳуқуқлари Венгрия Конституциясида ҳам ўз акс топган: “Венгрия ҳар кимга камситишларсиз, хусусан, ирқи, танасининг ранги, жинси, ногиронлиги, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодлари, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати, туғилиши ёки бошқа бирор мақомидан қатъий назар асосий ҳуқуқларни кафолатлайди. Давлатнинг “алоҳида чора-тадбирлар орқали оилалар, болалар, аёллар, қариялар ва ногиронлар ҳимоясини таъминлаши” кўрсатилган.
Дунё мамлакатлари Конституцияларини ўрганиш шуни кўрсатдики, уларда ҳам:
•ногиронлиги бўлган ҳар қандай шахснинг барча жойларга кириши, жамоат транспортидан ва маълумотлардан оқилона фойдаланиши; имо-ишоралар тили, Брайл алифбоси ёки бошқа тегишли алоқа воситаларидан фойдаланиши; шахснинг ногиронлиги билан боғлиқ зарур материаллар, моддалар ва қурилмаларга эга бўлиши, шу билан бирга, ногиронлиги бўлган ҳар қандай шахснинг жамият ҳаётидаги тўлақонли иштирокини ва ўз ҳуқуқларидан самарали фойдаланишини таъминлаш учун биноларда, инфратузилма объектларида, транспорт воситаларида махсус мослаштириш ускуна ва мосламаларини қўллаш, оқилона меҳнат шароитлари, меҳнат қоидалари, амалиёти ёки муолажаларидан фойдаланиш ҳуқуқи мустаҳкамланган.
Миллий ва халқаро конституциявий-ҳуқуқий ривожланиш қонуниятларини ҳисобга олган ҳолда, халқаро эшитув иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонуни лойиҳасига қуйидаги нормаларни киритиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилдилар:
1. Ҳеч кимнинг ногиронлиги туфайли камситилишига йўл қўйилмайди.
2. Давлат барча фуқароларга реабилитация ва одатий ҳаёт тарзига киришиш ҳуқуқини беради. Қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларини, шунингдек, давлат ҳокимиятининг бошқа муассаса ва ташкилотларини барча тоифадаги ногиронларни “имкон қадар одатий ҳаёт тарзига киритиш” учун барча чораларни кўриш мажбуриятини юклайди.
3. Давлат ҳар бир кишининг, хусусан, ирқи, танасининг ранги, жинси, ногиронлиги, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодлари, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати, туғилиши ёки бошқа ҳар қандай мақомидан қатъий назар, ҳеч бир камситишларсиз, асосий ҳуқуқларини кафолатлайди.
4. Давлат алоҳида чора-тадбирлар орқали оилалар, болалар, аёллар, қариялар ва имконияти чекланган шахслар ҳимоясини таъминлайди.
5. Ҳар қандай ногиронлиги бўлган шахс барча жойларга кириш, жамоат транспортидан ва маълумотлардан оқилона фойдаланиш; имо-ишоралар тили, Брайл алифбоси ёки бошқа тегишли алоқа воситаларидан фойдаланиш; шахснинг ногиронлиги билан боғлиқ зарур материаллар, моддалар ва қурилмаларга эга бўлиш ҳуқуқига эга.
6. Ногиронлиги бўлган ҳар қандай шахснинг жамият ҳаётидаги тўлақонли иштирокини ва ўз ҳуқуқларидан самарали фойдаланишини таъминлаш учун биноларда, инфратузилма объектларида, транспорт воситаларида махсус мослаштириш ускуна ва мосламаларини қўллаш, оқилона меҳнат шароитлари, меҳнат қоидалари, амалиёти ёки муолажаларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
7. Давлат ногиронликнинг олдини олиш, имконияти чекланган шахсларни даволаш, реабилитация қилиш ҳамда интеграциялаш ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш бўйича миллий сиёсатни амалга ошириш, жамиятни имконияти чекланган шахслар олдидаги ўз мажбуриятларини, уларга нисбатан ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ҳиссини англайдиган тарзда тарбиялаш, шунингдек, ота-оналари ёки васийлари мажбуриятларига зарар етказмаган ҳолда, уларнинг ҳуқуқларини самарали таъминлаш мажбуриятини олади.
8. Ногиронлар инсоний қадр-қиммат ва ҳурмат қилиш ҳуқуқига эга бўлиб, давлат ва жамият уларнинг ўз ақлий ва жисмоний салоҳиятларини тўла рўёбга чиқариши учун тегишли чораларни кўриши лозим.
9. Давлат ногиронларнинг овоз бериш ҳуқуқини кафолатлаши керак.
10. Парламент ногирон фуқароларни рўйхатга олиш ва овоз беришга кўмаклашувчи қонунларни қабул қилади.
11. Давлат:
•ногиронларнинг инклюзив иш билан эркин равишда таъминланишига имкон яратади;
• ногирон болаларнинг инклюзив таълим олишини таъминлайди;
• имконияти чекланган болаларнинг мактабгача таълимдан фойдаланиш даражасини ошириш чораларини кўради;
• ногиронларнинг ҳаракатланиши ҳамда ахборот олиши учун жамоат жойларида, айниқса, тиббиёт муассасаларида барча шарт-шароитларни, (масалан, пандуслар, лифтлар, сурдотаржима) яратади;
• ногиронлиги бўлган шахсларнинг ахборот олиш ҳуқуқлари ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни кенг омма учун мўлжалланган, қулай форматлардаги ва ногиронликнинг турли шакллари ҳисобга олинган технологиялардан фойдаланган ҳолда ахборот билан таъминлайди.
12. Давлат имо-ишоралар тили, ўзаро мулоқотнинг бошқа муқобил шаклларидан (Брайль ҳарфларидан ва овозли шакллардан) фойдаланилишини таъминлайди. Давлат ногиронлиги бўлган шахсларга телевизион дастурлар, фильмлар, театр тадбирлари ва бошқа маданий тадбирларнинг улар учун қулай форматларда бўлишини таъминлайди. Давлат телеканалларида янгиликлар кўрсатувларининг сурдотаржима ёки субтитрлар билан намойиш этилиши таъминланади.
Тадбир якунида халқаро эшитув иштирокчилари Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар – Асосий қонунимизни замонавий воқеликлар билан уйғунлаштириш, ногиронларнинг имкониятларини халқаро стандартларга мувофиқ кенгайтириш, шунингдек, уларни жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларига фаол жалб этишга қаратилганлигини таъкидладилар. Улар Янги Ўзбекистонда яратилган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар фуқароларнинг, жумладан, барча тоифадаги ногиронларнинг, хусусан, ногирон аёллар ва ногирон болаларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга имкон яратишига ишонч билдирдилар.