Онкологик шифохоналар ўрнига бизнес марказ, дом ёки савдо мажмуалари қурмоқчи бўлганлар диққатига!!!

Иқтисодчи Отабек Бакиров:

Бузишни севасизми? Дом қурувчимисиз? Стоянка ёки коворкинг учун олинган ерларда Бизнес-марказлар қуришда тажриба орттирганмисиз? Дарахтзорларни ғорат қилиб ҳузур оласизми?

Қонунларга тупуриб қўйганмисиз? Ҳокимлар билан ош-қатиқмисиз?

Унда бу аукционлар сиз учун. Ўйин ўйнаб берадиган спарринг-шерикларингизни ҳам чақиринг. Фақат бир кун. 19 декабрь. Учтаси биттада:

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази. 9,5 гектар

Тошкент шаҳар онкологик касалликлар шифохонаси. 4,6 гектар

Тошкент вилоят онкологик касалликлар шифохонаси. 2,7 гектар

Бузинг бу шифохоналарни, кули кўкларга совурилсин!  Ҳоким ва вазирларга қўшиб, номингизни Тарих тавқилаънатига муҳрланг!

Олий даражадаги цинизм шундаки, мақсад фақат пул ва ер бўлишига қарамай, бу ишлар онкобеморлар учун деб эълон қилинмоқда.

Энг муҳими, онко-шифохоналарнинг сотувга қўйилиши янги комплекснинг қурилиши учун маблағ “топиш” билан эмас, ушбу ерларни максимал даражада тезроқ хусусийлаштириб олишга интилиш билан боғлиқ, деб ёзмоқда Кун.уз.

Схема қанақа? Бу объектлар шаҳарга тўғри келмайди, янги жойга кўчирамиз деган ташаббусни тепага олиб киришади. Янги жойга кўчириш, монтаж, янги қурилиш ишларига ҳам давлат буюртмасини ўзлари ўзлаштиришади.

Бўшаган ерлар эса сотилади. Аввалдан келишилган, маълум бўлган эгаларига.

Булар аввалгидек бир тарафлама соққа қилиш эволюциясидан ўтиб бўлган. Булар ҳозир бузиш, кўчириш, сотишда ҳам, янги жойга қуришда ҳам пул қиладиган даражага чиқишди.

Шифокорлар кўчасида қурилаётган неча триллион сўмлик янги онкокомплекс лойиҳаси, пудрати кимга берилганини аниқласангиз, тенглама жавобини топасиз.

Бу схема масалан, сал аввалроқ ТТЗ ва Агрегат заводи кабиларни кўчиришда қўлланилган. Заводларни кўчириб тугатиб, энди касалхоналарга ўтишди.

Бузуқ экология, сувсизлик, сифатсиз рацион, расво медицина фонида онкологик касалликлар ёниб кўпаймоқда. 2 соат онкомарказ эшиги олдида сарғайиб турган одам бўлганингизда, бу ишларни қилиш тугул, ўйламаган бўлардинглар.

Агар ҳаммаси сизлар айтаётгандек (лекин бунга заррача ишонч йўқ), барчаси онкобеморлар учун қилинаётган бўлса, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳам, унинг Тошкент шаҳар филиали ҳам, Тошкент вилояти филиали ҳам сотилмасдан, фаолият кўрсатишда давом этиши, ўз жойида қолиши керак. Янги комплекс ҳам қурилиши  керак.

Триллионларни осмонга совураётганлар сал ўзини тийиб турса, комплекс ҳам қурилади, учта касалхона ҳам ўз ўрнида қолади.