Иқтисодчи Отабек Бакиров:

Маоши энг кам ва нисбий камайишда давом этаётган ўқитувчилар устидан пул ўзлаштириш давом этади

Янги дейиладиган Ўзбекистонни иккита белги кўп характерлайди. Биринчиси, бу юз миллион ўғирлаш учун миллиарднинг осмонга сочилиши бўлса, иккинчиси, энг камбағал ва кам даромадлилар устидан, гўёки уларга ғамхўрлик қилиб пул ўзлаштирилиши ҳисобланади.

Ўқитувчилар эски даврда ҳимоясиз ва қашшоқ бўлгани аниқ. Лекин янги даврдаям ҳеч нарса ўзгармаган. Ўқитувчилар ишлайдиган энг қашшоқ тоифалигича қолмоқда, айниқса яшаш қиймати дубайлашиб бораётган пойтахтда.

Газетанинг ёзишича, пойтахт ўқитувчиларига қиймати 1,25 млн.сўмдан бўлган ва бюджетдан қопланадиган формалар берилади. Аввалроқ, ёздаги 27 июлдаги 767-14-0-Q/22 сонли қарорларга асосан 15 минг форма учун 15,7 млрд.сўм ажратилиши режалаштирилган эди. Яъни битта форма комплекти ўртача 1,047 минг сўмдан тушиши керак бўлган. Демак, ўтган 3 ойда комплект нархи 203 минг сўмга шиширилган. Форма комплектлари қайси компанияда тайерлангани очиқланмаган.

Янги Ўзбекистон чиновникларининг севимли усули бу. Масалан, улар камбағалларни уч карра қимматлаштирилган товуқ, қорамол, лимон ва теплица билан нонини туя қилишса, ўқитувчиларни форма билан жазолашади.

Давом этаверинглар, сизларга қарши чора йўқ. Ўзбекистонда коррупция бу энди миллий спорт тури эмас, коррупция бу аллақачон мафкурага айланган.

Ёдда тутиш лозим!

Товар, буюм, кийим, қадоқланган озиқ-овқат ва бошқа натура маҳсулотлар кўринишида тақсимланадиган, тарқатиладиган ижтимоий ёрдам схемаларида албатта ўғирлик ва ёлғон бўлади. Е буюртмачи, Е таъминотчи,  ё пудратчи, ё етказувчи занжирларидан бирида ёки ҳаммасида. Бундай схемалардан пул ўзлаштириш аввал бошдан бош мақсад бўлади, ёрдам кўрсатиш эмас!

Хато ва тажрибалар натижасида нормал давлатлар аллақачон қай тарзда ижтимоий ёрдам кўрсатиш афзал эканини англаб етишган.

Демак, энг рационал ижтимоий ёрдам бу – монетизациялашган, яъни пул кўринишида бериладиган ёрдамдир. Бунинг яна бир афзаллиги, пул кўринишида ёрдам олган инсонда танловлар асосида қарор қабул қилишга доим имкон бўлади.