Ўзбекистонда саратонни 99 фоизгача даволовчи препарат яратилгани ҳақиқатга зид

Биз ҳар куни интернетдан кўплаб ўзимизга керак ва албатта умуман керак бўлмаган маълумотлар уммони билан тўқнаш келамиз. Албатта, бу замон талаби ва маълумот олмоқчи бўлган инсон бунга кўникади. Кўпчилигимиз ахборот сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги каналлар ва оммага машҳур блогерларнинг каналларига таяниб у ёки бу хабарни яқинларимиз, дўстларимиз ёки ҳамкасбларимиз билан бўлишамиз. Ана шу вақтда катта бир қадамни унутиб қўямиз. Бу маълумотни текшириш. Яъни сиз ва биз сиздирилаётган маълумотни тўғри ёки нотўғрилигини билишимиз, бундан кейингина ўзимиз яқин деб билган инсонлар билан бўлишимиз кераклиги. Лекин, кўпчилигимиз бу нарса ҳақида ўйламаймиз ҳам.

Мана оддий мисол. Куни кеча мамлакатимизда ўзини биринчи ахборот портали деб таъкидлайдиган UZA сайтида “Ўзбек олимлари саратонни 99 фоизгача даволаш имконини берувчи янги препарат ишлаб чиқди”   номли янгилик пайдо бўлди. Жуда кучли номланган хабар. Мамлакатимиздаги минглаб эмас, балки 10 минглаб инсонларни юрагига умид бағишловчи хабар.

Мақолада айтилишича Ўзбек олимлари томонидан ишлаб чиқилган янги дори воситасининг битта дозаси ҳозирги кунда АҚШда 70 минг доллар, Европа мамлакатларида 25 минг доллар атрофида сотилмоқда. Ўзбекистон фанлар академияси Ядро физика институти ушбу дорини республикамиздаги 3та онкологик клиникаларга 1,5 минг АҚШ доллари нарх билан етказиб беришни йўлга қўйган.  Маҳсулот Америка Қўшма Штатлари, Германия, Россиядаги маҳсулотларга  нисбатан 10 баробар тоза бўлиши билан бирга, 15-50 мартагача арзон. Энг асосийси, ҳозирги кунда бу дори 4-босқичдаги рак касаллигининг 97-99 фоизгача тузалишини таъминлаяпти. Жаҳондаги тиббиётчилар революцион дорилар қаторига кирувчи бу препаратга “фантастик натижа”, деб баҳо беришмоқда дейилади хабарда. Интервью берган инсон ҳам    Ўзбекистон фанлар академияси Ядро физика институти директори, техника фанлари доктори, профессор Илҳом Содиқов.

Бу хабар Ўзбек ижтимоий тармоқларида яшин тезлигида тарқади. Дарди бор беморлар, уларнинг яқинлари эса дори воситасини қаердан олиш мумкинлиги, ким билан боғланиш кераклиги, керак бўлса доимгидек таниш-билиш ёки бир оз кўпроқ маблағ таклиф қилиб шифо берувчи мазкур дорини топиш илинжида қидирувни бошлаб юбордилар.

24 март куни соат 15:56да жойлаштирилган мақола бўйича 25 март куни соат 14:16да Соғлиқни сақлаш вазирлиги муносабат билдирди. Унда Айтилишича “Юртимизда саратонни 99 фоизгача даволовчи препарат яратилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга зид”. Маълум бўлишича, бу дори воситаси радиофармпрепарат сифатида АҚШ, Европа ва Осиё давлатларида фақатгина простата бези ва нейроэндокрин ўсмалар диагностикаси ва муолажасида қўлланилади. Препарат вақтинчалик восита ҳисобланади ва беморларнинг ҳаётини узайтиришга имконият яратади. Шу билан бирга, ҳар қандай янги дори воситаси амалиётда фойдаланилишидан токи самараси тасдиқланишига қадар турли изланишлар, ўрганишлар олиб борилиши ва самарадорлиги тўғрисида тегишли хулосалар қилиниши учун узоқ вақт талаб этилади.

Бу нимани англатади? Қарийб бир сутка давомида шов-шув, беморлар учун умид чироғи, уларнинг яқинлари учун турли изланишлар. Биргина маълумотни текширмасдан қабул қилиш бу бир инсон тақдирида қанча синовларни бошидан кечиришга мажбур қиладиган ҳолат. Афсуски, дунёда барча саратон касалликларини тўлиқ даволай оладиган универсал дори воситаси ҳозирча мавжуд эмас. Буни кўпчилик билади, лекин умид инсон қалбида доим яшайди, бу эса жуда кучли мотивация. Биз бу билан ўқувчиларимизни ахборот сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги хабарларни талқин қилишда жуда эҳтиёткор бўлишларини эслаган ҳолда, маслаҳатимиз, доим маълумотларни текширинг. Бир эмас уч-тўрт манбадан текширинг.

Шундан келиб чиқиб, оммавий ахборот воситаларидан инсонлар ҳаёти билан боғлиқ бу каби муҳим янгиликларни жамоатчиликка етказишда эътиборли бўлишларини сўраб қоламиз.