Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов:
Аслида, Конституцион ислоҳотларни асослашда, биринчи маъмуриятни танқид қилиниши – халқ учун керакли ёндашув.
Биринчидан, бундай кампаниянинг фундаментида “Биз репрессияларга қайтмаймиз! Қайтишни истамаймиз!” деган позиция туради. Бу позиция, давлат билан жамият ўртасидаги ижтимоий келишувни, контрактни эслатади: сиз бизни ислоҳотларимизни қўллаб-қувватланг, биз эса, репрессияларга қайтмасдан, баъзан тезроқ, баъзан секинроқ – лекин ислоҳотларни давом этамиз.
Яъни, иккинчи маъмурият ўзининг олдига маълум планка қўймоқда: ҳокимиятда бўлар эканмиз, сиёсий тизимнинг табиатини қаттиқлашувига йўл бермаймиз, репрессияларга қайтилмайди, ислоҳотлар ва либераллашув давом этади, дейилмоқда.
Ҳақиқатда, кейинги йилларда иккинчи маъмурият легитимлик дефицити билан тўқнашиши мумкин. легитимлик дефицити фонида, давлат сиёсий чора-тадбирлар билан жавоб бериши керак бўлади: янги ташаббуслар, лойиҳалар, маъмурий-сиёсий ислоҳотлар… Лекин агар ижтимоий барқарорликни, олдингидек, механик – куч ишлатиш орқали таъминланса, биринчи маъмурият ҳолатига қайтилган бўлади.

Бу даврда биз роса эзилдик
Кўпчилик “Каримов даврида кўп нарсаларга эришган таниқли шахслар, бугун уни танқид қилишмоқда” деган эътироз билдиришмоқда. Бу танқидлар – вазиятни умумийлаштириш ҳисобланади. Ҳақиқатда, Юлдуз Усмонова, Озодбек Назарбеков, Матёқуб Матчонов ва бошқалар Каримов даврида кўзга кўринган санъат арбоблари эди.
Лекин, жамиятимиз, одамлар Каримов давридаги ўйин қоидасини тўлиқ англаши, буни унутмаслиги керак. Каримов даврида, нафақат санъаткорлар, балки давлат арбоблари ҳам мисли кўрилмаган босим остида эди. Ўша вақтларда ҳам Каримовнинг ишончида бўлган, катта мулозим бўлиб ишлаб турган одамлар, ҳафтасига, ойига камида бир-икки марта подвалларга тушиб чиқишарди. Бу – соф Сталинча бошқарув эди. Муттасил қўрқитиш, ва вақти-вақти билан мукофотлаш…
Юлдуз Усмонова қанчалик “Гулисан” деб куйламасин, у Ўзбекистондан чиқариб юборилди. Бир вақтлар опани ўзи “юртфурушлар, тупроғингга зор бўлади” деб куйлаган эди, ва кўп йиллар ўзи Туркияда яшашга мажбур бўлди. Озодбек Назарбеков ҳам, Матёқуб Матчонов ва бошқалар ҳам, Каримов даврида танилгани, давлат мукофотлари ва лавозимлар олгани рост. Лекин, бу даврдаги қўрқув муҳити, одамларнинг бир-бирига ишонмаслиги, тотал назорат тизими, кечга бориб нима бўлишини ҳеч ким билмаслиги – давлат сиёсатининг одати эди.
Бугун вазият биз истаган даражада ҳуқуқий, либерал эмас. Давлат коридорларида, жамиятда, одамларнинг тафаккурида кураш кетмоқда. Лекин, бугун одамлар ижтимоий тармоқларда бемалол ҳокимиятни танқид қиляпти. Келажакда, одамлар ҳукуматни расмий ОАВларида, ТВ каналларида танқид қила олишлари керак.
Лекин, ижтимоий тармоқларда ҳам қўрқмасдан, оммавий танқид қилиш асосида битта ишонч бор – яъни, “мен ҳокимиятни танқид қиламан, ва бунинг учун менга ҳеч нарса бўлмайди!” деган ишонч. Бу ишонч, аслида, иккинчи маъмурият учун катта ютуқ, тарихий тан олиш ҳисобланади.
Президентлик муддатини узайтириш
Кўпчилик президентлик ваколатларини беш йилдан етти йилга чўзилиши ва президентлик муддатини ноллаштириш ҳақида, фикримни сўради. Мен бу борада, олдинлари кўп марта ўз фикримни айтганман. Жумладан, позициямни Озодликка интервьюларимда билдирганман. Фикрим ўзгармаган. Агар иккинчи маъмурият тарихий хотирага ориентир олса, беш-ўн йилни келажакдаги катта даврга алмашмаслиги керак деган эдим. Референдум эълон қилинишидан олдин, баъзи давлат ходимлари мендан фикримни сўрашди. Мен юқоридаги фикримни айтдим.
Мени назаримда, қалтис қарор. Мен олий ҳокимиятдаги маълум хавотирлар, ғам-ташвишлар ҳақида тасаввурга эгаман. Ҳокимиятдаги лойиҳалар ва режалар ҳақида ҳам эшитганман. Лекин, “вазият” деган оғир нарса ҳам бор. Вазият эса, одатда, қийинлашиб боришга мойил. Шунинг учун, Конституционализм, ҳокимиятни ўзи учун ҳам, яхшироқ ечим эди.
Назаримда, эндиги савол қуйидагича: “кейинги йиллар нима билан тўлдирилади: реал ва тарихий ислоҳотлар биланми, ёки механик барқарорлик мақсадидаги назорат фалсафаси биланми?”