Сиёсий жараёнлар ниҳоятда интенсивлашиб кетаяпти. Президентлик сайловлари кутилаётганлигини билардик. Лекин октябр ойларида бўлишини тахмин қилардим. Йўқ, икки ой ичида бўлади экан. Лекин, умуман, президентлик сайловларининг бўлиши – янгилик бўлмади. Бу борада, ўтган йили қарор қабул қилинганлигини бир журналист акамиз айтганди. Ўтган йили, референдумдан сўнг президентлик сайловлари ўтказилиши режаланган экан. Фақат, “икки ой ичида” деган фикр шу йил пайдо бўлди, назаримда.
Президентнинг Москвага бориши – янгилик бўлди
Бир ҳафта олдин эълон қилинган маълумотларга кўра, фақат Жапаров бориши айтилганди. Қолган Президентлар бормаслигини расман эълон қилишмаса-да, норасмий шаклда, билдирилган эди. Афтидан, Москва телефон орқали жуда жиддий босим қилган шекилли, Тожикистон, Қозоғистон давлат раҳбарларидан кейин, Ўзбекистон Президенти ҳам Кремлда.
Россияда Қозоғистонга қарши жуда кучли информацион ҳужумлар бўлаяпти. Сабаб – Қозоғистон Россияга санкцияларни четлаб ўтиш борасида айланма схемалардан бош тортган. Унгача эса, яқинда БМТ Бош ассамблеясида Қозоғистон “Россия – тажовузкор давлат” деган мазмундаги позицияга ҳам, “ҳа” деб овоз берганди. Тўқаев вазиятни юмшатиш учун Москвага боришни лозим топган. Тожикистон ва Ўзбекистон эса, Путинни асабини чиқариб, йўқ жойдан муаммо яратишни истамайди.
Нега Россия 9-майни бу қадар катта байрам қилади?
Сабаби, фақат Гитлер Германиясидан соғ-омон қолганида эмас. Балки, иккинчи жаҳон урушидан кейин, СССР номи остидаги тарихий Россия, бир томондан ўзини ички зиддиятларини енгди. Ҳали қовушмаган СССР Гитлерга қарши бирлашди, ички бирлик пайдо бўлди. Сепаратизм пасайди.
Иккинчи томондан, Россия империяси кенгайди. Янги ҳудудлар сифатида Болтиқ бўйи республикаларини мустамлака қилди. Варшава келишуви номи остида, шарқий Европа ва дунё давлатлари устидан ўз таъсирини кучайтирди.
Демак, 9-май Россия учун, бу империяни мустаҳкамлаш, кенгайиши ва глобал ҳукмронликка ўтиш даври ҳисобланади. Шунинг учун, 9-май, Россия учун – глобал ҳокимиятни, қудратни қумсаш байрами. Империячиликни хумори тутганда, 9-май куни, қизил майдонда эски, чанг босган костюмни кийин, занглаган медалларини тақиб, бошқаларни қўрқитишни истайди. Лекин империя сўнмоқда.