Расмий статистикага кўра, январь-апрель ойларида саноат ишлаб чиқариш физик 5,0%га, чакана савдо товар айланмаси 6,4%га, қурилиш ишлари 4,6%га, бозор хизматлари 11,6%га ўсгани қайд этилган. Дастлабки уч ойдаги кўрсатгичларга нисбатан солиштирганда, саноатдаги ўсиш 0,9% бандига, чакана савдода 1,2% бандига, бозор хизматлари бўйича 0,7% бандига тезлашган.
Иқтисодиётнинг бошқа секторлари бўйича статистика чораклик тарзда эълон қилинади.
Аввалроқ иқтисодиёт чуқур қисқаришдан кейин март ойида бирдан мўъжизавий тарзда тезлашиб кетгани ҳақида маълум қилган эдик.
Мўъжизавий “иқтисодий ўсиш”га қарамай фаолият кўрсатаётган бизнес субъектлар сони кескин қисқармоқда
Иқтисодий ўсиш ўзидан ўзи амалга ошмайди. Уни бизнес субъектлар, энг аввало фаолият кўрсатаётган бизнес субъектлар яратади.
Бизнес субъектлар бўйича статистика эса Ўзбек статистикаси эълон қилаётган мўъжизавий “иқтисодий ўсиш” кўрсаткичларига нисбатан қатор саволларни қўяди.
Демак, ўтган йилнинг тегишли даври билан солиштирилганда рўйхатга олинган корхоналар ва ташкилотлар сони 69 700 тага, 653 498 тагача ошган, лекин улардан фаолият кўрсатаётгани 59 940 тага, 488 761тагача қисқарган.
Бошқача айтганда, ўтган йилнинг шу вақтида ўртача 7% корхоналар ишламаган бўлса, шу кунларда 25%дан кўпроқ корхоналар фаолият кўрсатмаяпти
Кичик бизнесдаги аҳвол эса ундан ҳам бадтар. Ўрганилаётган даврда рўйхатга олинган кичик бизнес субъектлари сони 67 782тага, 581 244тагача ортган, лекин ишлаётган кичик бизнес субъектлари сони 58 856тага, 422 282тагача қисқарган.
Ўтган йили 6%дан кўпроқ кичик бизнес фаолият кўрсатмаган бўлса, ҳозирда 27%дан кўпроқ кичик бизнес фаолиятини тўхтатган
Бу рақамлар нимадан далолат беради?
Биринчидан, яхши гумонга бориб иқтисодий ўсиш юз бермоқда, деб ҳисоблаган тақдирда ҳам, маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш концентрациялашуви ортмоқда. Очиқчасига айтганда, худди Россияда бўлгани каби очофат олигархия ва монополиялар бозорни ўзини қилиб олишда, қатор сегментларни аждарҳодек ютиб юборишда давом этишмоқда. Сонда кўп бўлган ўрта ва кичик бизнес бозордан суриб чиқарилмоқда.
Иккинчидан, солиқ юкини саноқсиз имтиёзларга эга ўғри олигархия ва номенклатурага яқин субъектлардан кичик бизнес устига ағдариш сиёсати давом этаётгани мазкур сегментни сояга ўтишга қарор қилишини янада тезлаштирган. Бизнес рўйхатда бор, лекин расмий фаолият йўқ.
Учинчидан, буниям тан олиш керак, Ўзбекистонда бизнес очиш осон, бу минутлар ичида рўй беради. Лекин уни тугатиш тадбиркорларга ит азобини беради. Бу жараён атайин ва онгли равишда қимматлаштирилган, қийинлаштирилган ва коррупциялаштирилган. Шунинг учун бизнес профилида ё бошқа сабаб туфайли фаолиятини тўхтатмоқчи бўлган тадбиркор уни ёпмай қўя қолади.
Нима бўлгандаям, вазият бизнеснинг кайфиятига қулоқ солишга ундайди. Чиройли рақам тўқийдиган ижодкорларнинг ҳисоботларга таяниб эмас, бозор иштирокчилари рўпара келаётган муаммоларни холис тан олган ҳолда қарор қабул қилишга ўтиш вақти келди.
Аввалроқ ўрта синфнинг негизи бўлган кичик бизнес деградацияси қандай юз бераётганига тўхталган эдик.
Отабек Бакиров