Чиройли иқтисодий ўсиш рақамлари ичига салгина кирсангиз, саволлар ва ҳайратлар туғилаверади.
Саноатдаги ўсиш 5,7%га етган май ойида газ қазиб олиш деярли 12%га қисқарган. Май ойида 3 600 млн.куб газ қазиб олинган, бу ўтган йилнинг май ойига нисбатан қарийб 450 млн.куб, жорий апрелга нисбатан эса 300 млн.кубга кам дегани.
Газ қазиб олиш қисқариши бир муддатли танаффусдан кейин нефть қазиб олишга ҳам кўчган. Май ойида нефть қазиб олиш 2,2%га қисқарган.
Энг катта қулаш автобензин ишлаб чиқаришда юз берган. Май ойида автобензин ишлаб чиқариш (46,2 минг тонна) ўтган йилнинг тегишли даврига (92,7 минг тонна) нисбатан 2 баробарига қисқариб кетган.
Газ конденсати ишлаб чиқаришнинг қисқариши эса ўртача 10% атрофида, бир маромда давом этмоқда.

Ўзбек статистикасига кўра, май ойида электр ишлаб чиқариш рекорд даражада ўсган. Свет нега ўчаяпти унда?
Расмий статистикага ишонилса, май ойида 7 331 млн.кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилган.
Нима бўпти, деманг. Чунки ҳали ҳеч қачон Ўзбекистонда бир ойда бунчалар кўп электр ишлаб чиқарилмаган.
Май ойида ишлаб чиқарилган электр энергияси ўтган йилги майдан кўра 36,1%га ёки 1 945,4 млн.кВт.соатга кўп.
Май ойидаги электр генерацияси жорий йилнинг апрелига нисбатан 34,1%га ёки 1 866,6 млн.кВт.соатга кўпроқ бўлган.
Агар жонажон статистикамизга ишонилса, май ойида свет ўчирилиши ва шахмат тартибидаги “профилактика”лар бўлмаслиги керак эди. Ахир шунча электр энергияси қаёққа кетиши мумкин? Ўтган йили майда электрда узилишлар бўлмаган, жорий йил апрелда ҳам. Нега айнан электр энергияси ишлаб чиқариш рекорд тарзда ўчган майда бунчалар кўп свет ўчирилди?
Экспортга кетдими? Йўқ, май ойида қайтанга электр энергияси камайган.
Ишонмаслигингиз мумкин. Лекин май ойида электр импорти ҳам сезиларли тарзда ошган. Бошқача айтганда, рекорд тарзда электр ишлаб чиқарилиб, яна импорт ошганига қарамай электр таъминоти фақат ёмонлашган.
Буни қандай тушуниш мумкин? Ё статистика кўзимизни шамғалат қилмоқда ёки Энергетикларимиз генерацияни қайгадир яширмоқда.
Қолаверса, агар май ойида электр генерацияси шунчалар кўп ўсган бўлса, буни қандайдир асослаш ва тушунтириш керак. Ниманинг ҳисобига, қайси қувватлар ҳисобига? Ахир май ойида қўшимча учта Тўрақўрғон ИЭС ишга тушиб қолмадику.
Қуёш станциялари ҳисобигами? Қайси станциялар қувват бера бошлади?
Янги газ поршенли ИЭСлар ҳисобигами?
Ё эски иссиқлик станциялар қувватни оширдими? Газ йўқку? (бор, лекин фақат чўнтак конторалар орқали экспортга).
Gazeta.uz ёзаётганидек, “… ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган паллада расмий статистика билан реал ҳаёт ўртасидаги корреляция йўқолиб қолгандек”.
Бу иқтибос бугун етиб келган жойимизда Gazeta.uz урғу бераётган инфляцияга оид эмас, бошқа барча макроиқтисодий статистикага ҳам тааллуқли.