Балки бу Россия гази импортини ошириш учун қўлланилаётган махсус дастурнинг бир қисмидир.
Нима бўлганда ҳам, 2024 йил январда газ қазиб олиш қисқариши тўхтамаган ва энди бешинчи йил кетма-кет давом этмоқда. Бундан 5 йил аввал январь ойида ҳозиргидан 1,3 млрд.куб кўп ёки 5,2 млрд.кубдан зиёд газ қазиб олинганини тасаввур қилиш, масалан, ўзи йўқ газга навбатда турган ҳайдовчига ёки ошини пишира олмаётган уй бекасига ҳозир жуда қийин. Гўёки газ қазиб олишни ошириш учун ташқи қарз ва суверен захиралардан йўналтирилган миллиардлаб, банки ўнлаб миллиард доллар қаёққа кетганини бугун сўрайдиган одам йўқ.
Шундай қилиб, энергетик чўкиш ҳаттоки 2023 йилнинг кризисли январига нисбатан ҳам давом этади:
- Табиий газ қазиб олиш 3 994,6 млн.кубгача пасайган (-317,3 млн.куб);
- Нефть 60,5 минг тонна (-4,0 минг тонна);
- Кўмир 357,8 минг тонна (-57.2 минг тонна);
- Дизель 50,2 минг тонна (-0,3 минг тонна);
- Бензин 124,6 минг тонна (-15,0 минг тонна).
Энергетик чўкиш ўз йўлига, ишлаётган саноат корхоналари 68 691 (-25 251)тага, пандемиядан олдинги даражагача камайиб кетганига қарамай, саноат ишлаб чиқаришнинг физик ҳажми ўсиши 16.6%га етган.
Январда газ экспорти ҳам, импорти ҳам каррасига ошган
2024 йилнинг илк ойида Ўзбекистон 21 млн.долларлик газ экспорт қилган. Газ импорти эса 35,6 млн.долларни ташкил этган. Ҳар икки кўрсаткич ўтган йилнинг январига нисбатан каррасига ортган.
Таъкидлаш керакки, газ импорти 2023 йилнинг декабрига нисбатан 3,7 баробарига камайган. Маълумот учун, 2023 йилнинг охирги ойида 132,2 млн.долларлик газ импорт қилинганди. Агар шимолдагиларни дўстларни гапига ишонилса ва декабрда кунига 18 млн.кубдан газ импорт қилинган бўлса, Ўзбекистон бир куб олабўжи газини 245 доллардан олаётган бўлиши мумкин.
Январнинг ташқи савдоси умумий картина ясамасада, 45,5%дан ортиқ савдоси Хитой ва Россия ҳисобига тўғри келганини, Туркия ва қўшни давлатлар билан савдо ҳажми муттасил қисқаришда давом этаётганлигини ташвиш билан яна такрорлашга тўғри келади.
Географик афзалликка нисбатан логистик тақсимот жуда ёмонлигича қолмоқда. Импортда энг шимолий ҳудудимиз Қорақалпоғистон ва энг жанубий вилоятимиз Сурхондарёнинг улуши 0,6%дан кам даражада қолмоқда.