Ўзбекистоннинг давлат қарзи ўтган йил давомида 5,7 миллиард долларга кўпайиб, 34,9 миллиард долларни ташкил қилган. Давлат қарзи 2024 йилнинг биринчи чорагида яна 417 млн долларга ошиб, 35,3 млрд долларга етган. Ислоҳотлар эълон қилинган ва фаол қарз олиш энди бошланган 2017 йилда Давлат қарзи қолдиғи 11,5 млрд доллар эди. Яъни, 2023 йилгача бўлган 6 йилда давлат қарзи қолдиғи 3 баробардан кўпроққа ошган.
Ўзбекистон 2022 йилдан кейин Давлат қарзи ҳолати ва динамикаси маълумотларини эълон қилишни тўхтатган (балки аҳвол ва вазият оғирлашаётганини кўрсатмаслик учун). Иқтисодиёт ва молия вазирлиги расмий саҳифасининг давлат қарзига оид қисми бир неча ойлардан буён “маълумотлар янгиламоқда” ҳолатида қолмоқда.
Янаям қизиғи, ташқи қарз бўйича 2022 йилгача бўлган тарихий ҳисоботларнинг ўзбек тилидаги версиялари ўчириб юборилган.
Шу сабабли, давлат қарзига оид маълумотларни бошқа ҳисоботлар ичидан (масалан, бюджетнома, фуқаролар учун бюджет) узуқ-юлуқ тарзда кўриб бориш мумкин.
Шундай қилиб, Ўзбекистон Давлат қарзи миқдордаям улушдаям ошишда давом этмоқда. Фуқаролар учун бюджет ҳисобига киритилган маълумотга кўра, 2023 йил якуни бўйича Давлат қарзи 5,7 млрд долларга ошиб, қолдиғи 34,9 млрд.долларга етган. Давлат қарзининг ЯИМдаги улуши 38,4%ни ташкил қилган (+2,4%). Эслатиб ўтамиз, бу ҳисобга зараркунанда давлат компаниялари, давлат банклари ва энергетикадаги шиширилган лойиҳалар учун олинган тўғридан тўғри қарзлар кирмайди.
Давлат қарзига хизмат кўрсатиш ҳам тобора ошиб, оғирлашиб бормоқда. 2023 йилда Давлат ташқи қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари 2,82 млрд долларга етган (солиштириш учун, бу кўрсаткич 2018 йилда 0,5 млрд доллар эди). Ички қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари эълон қилинмаган.
Ҳар йили янги давлат қарзларини олиш ҳажми ва давлат қарзларига хизмат кўрсатиш харажатлари миқдори тобора бир бирига яқинлашмоқда. Тенденция ўзгармаса, янги қарз ва қарз қайтариш миқдорлари тез орада тенглашади. Яъни, эски қарзларни олинаётган янги қарзлар оқими ҳисобига қайтариш бошланади (агарда кредиторлар қарз беришни тўхтатиб қўйишмаса).
P.S. Вазирлик вакилининг таъкидлашича, Давлат қарзи статистикаси маълумотнома кўринишида тақдим этиб келинмоқда (илгаригидек чораклик шарҳ тарзида эмас). Балки тегишли ҳавола вақтинча ишламагани ёки фаолсизлантириб қўйилган туфайли ушбу маълумотлардан фойдаланиш имкони бўлмаган. Айни дамда мобил версияда маълумотлар очилмоқда.
Давлат қарзи биринчи чоракда ҳам ошишда давом этган
Ўзбекистон Давлат қарзи 2024 йилнинг биринчи чорагида яна 417 млн долларга ошиб, 35,3 млрд долларга етган.
Биринчи чоракда Давлат қарзининг кўпайиши ички қарз ҳисобига рўй берган. Ички қарз охирги 3 ойда 597 млн долларга кўпайиб, 5,9 млрд долларга етган.
Халқаро суверен облигациялар орқали жалб қилинган қарз қолдиғи 3,4 млрд доллардан 2,9 млрд долларгача қисқарган (февраль ойидаги сўндиришлар ҳисобига). Майдаги янги чиқарилувлар эвазига мазкур тоифадаги қарз қолдиғи яна ошиши (+1,5 млрд доллар) иккинчи чорак ҳисоботларида акс этади.
Давлат қарзи бўйича маълумот очиқлашнинг мазкур кўриниши 2022 йилгача тақдим этиб келинган шарҳ форматидан фарқли равишда давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари (ундан бюджетга юклама), ҳисобот даврида янги жалб қилинган қарзлар, эски қарз битимларининг ҳолати, давлат компанияларининг “тижорий” қарзи каби қўшимча ахборотларни тақдим этмайди. Агарда ҳам шарҳ, ҳам жадвал маълумотлари (қайта ишлаш осон форматларда) бериб борилса, фойдаланувчилар сони кескин ошган бўларди.