Хитой олдидаги қарзимизни ким тўлайди?

Сўнгги пайтлардаги Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ижобий динамикага қарамай, Ўзбекистон учун бир қатор жиддий хавотирлар ҳам кўзга ташланмоқда. Жумладан:

  • икки томонлама савдо-сотиқда салдонинг ХХР фойдасига ортиб бораётгани;
  • Ўзбекистон иқтисодиётининг бир қатор стратегик соҳаларида (телекоммуникация, банк сектори, қишлоқ хўжалиги) Хитой технологиялари улуши ортиб бораётгани кузатилаётгани;
  • Ўзбекистоннинг Хитой олдидаги давлат қарзи ортиб бораётгани.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистон ташқи давлат қарзининг 20 фоиздан ортиғи Хитой ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ўзбекистонда ҳам Тожикистонда бўлгани каби барқарор аксилхитой кайфияти йўқ. Ўзбекистон Хитойнинг Шинжондаги миллий сиёсатига ҳеч қандай муносабат билдирмаяпти, бу эса ўз навбатида Тошкентни Пекиннинг минтақадаги анча қулай ва ишончли шеригига айлантирган.

“Central Asia Barometer” институтининг минтақа мамлакатларида сўнгги 2 йил давомида ўтказган сўрови натижалари кўрсатишича, мамлакатда Хитой бизнесига дўстона муносабат аста-секин заифлашиб бормоқда. Агар 2019 йилда ўзбекистонликлариннг 65 фоизи Хитойнинг юртимизда амалга ошираётган энергетика ва инфратузилма лойиҳаларини “қатъий қўллаб-қувватлаган” бўлса, 2020 йилда қўллаб-қувватлаш даражаси 48 фоизга тушиб қолди.

“Кескин қарши” бўлган кишилар сони 2 фоиздан 10 фоизга кўтарилди. Шунингдек, Ўзбекистон аҳолиси ўртасида Хитой олдидаги давлат қарзи ошиб бораётгани билан боғлиқ хавотирлар кескин ошаётгани кузатилмоқда.

Хитой олдидаги давлат қарзи ортиб бораётганидан ташвишланаётган Ўзбекистон ватандошлари сони 2019 йилдаги 7 фоиздан 2020 йилда 25 фоизгача кўпайган.