Хитой давлати қандай қилиб уйғурлардан идеал фуқаролар ясашга ҳаракат қилмоқда?

АҚШ ҳукуматига бошига келган Д.Трамп даврида Хитой ҳукумати томонидан амалга оширилаётган ҳар қандай сиёсий ҳаракатлар қораланмоқда глобал ахборот майдонига негатив кўринишда ўта фаоллик билан олиб чиқилмоқда. Жумладан “Уйғурлар масаласи”. Қуйида таҳририятимиз томонидан мана шундай тайёрланаётган материаллар жамланмасидаги баъзи маълумотлар тайёрланиб эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

Тибет тажрибаси

2016 йилда Чэнь Цюаньго (мазкур шахсга ва атрофидаги 3 нафар ҳамкасбларига нисбатан АҚШ ҳукумати томонидан санкция эълон қилинган) исмли киши ҳудуд партия қўмитаси раҳбари лавозимига тайинланди, у илгари бошқа “нотинч” минтақани – Тибетни бошқарган. Тибетликларнинг муаммолари уйғурларникига ўхшаш эди: 1951 йилда Хитойга ихтиёрий равишда қўшилмаганлиги сабабли улар Коммунистик партияни ягона худо деб тан олишдан бош тортдилар ва “хитой кучли миллат” шиорига кўпам ишонмадилар. Тибетликлар оз сонли эди (5,4 миллион, уйғурлар эса 12 миллион), уларнинг эътиқоди зўравонликка унчалик мойил бўлмаган ва Пекинга қарши чиқишнинг рамзий воситаси асосан роҳиблар томонидан қилинган норозилик ва ўз-ўзини ёқиш эди. Чэнь Цюаньго (минтақани 2011 йилдан 2016 йилгача бошқарган) маълумот берувчилар (информаторлар)ни жалб қилиш, умумий кузатув, энг “исёнкор” монастирларни бузиш ва роҳибларни “қайта тарбиялаш” дастурлари билан жавоб бериб, уларни итоаткор Хитой фуқароларига айлантириш эди.

Янги лавозимга тайинлангандан сўнг (яъни Шинжонни бошқариш топширилгандан сўнг), бутун тажриба Шинжонга кўчирилди. 2016 ва 2017 йиллар давомида 90 мингдан ортиқ полиция ходими ишга қабул қилинди, бу ўтган етти йилга нисбатан икки баравар кўп. Фуқароларнинг ҳаракатини кузатиб бориш учун вилоят бўйлаб 7300 га яқин тўсиқлар ўрнатилди.

2017 йилга келиб, Шинжондаги ҳибсга олишлар мамлакатдаги барча хибсга олишларнинг 21 фоизидан кўпроғини ташкил этган. (Шинжон мамлакат аҳолисининг 2 фоизидан ошмайди). Ҳибсга олишлар сони 2016 йилга нисбатан 8 баравар ошди. 2017 йил ўрталарига келиб, минтақада кўплаб муассасалар қурилаётгани тўғрисида маълумотлар пайдо бўлган эди унга кўра, қурилаётган бинолар мактаб, қамоқхона ва гиёҳвандлар учун реабилитация маркази кўринишига ўхшашлиги билан дунё ҳамжамиятнинг эътиборини тортган эди. Хитойдаги мазкур бинолар “қайта тарбиялаш лагерлари” ёки “Уйғурларнинг концлагерлари” номи билан танилган “қайта тайёрлаш ва касб-ҳунар таълими марказлари” эканлиги бутун дунёга маълум бўлди. Бироқ Хитой ҳукумат бу ҳақиқатни инкор этган эди. (бу ҳақда қуйида алоҳида маълумот берилади)

Соқол қамоққа олиб боради

Лагерлар ҳақида маълумот бир нечта манбалардан олинган. У ердан қочиб қутулган ёки “қайта ўқитилган” одамлар ҳикояларига кўра, лагерга бориш учун қуйидаги амаллардан бирини “бажариш” керак: “ҳаддан ташқари диндорлик” ни намойиш қилиш (миллий кийим кийиш, узун соқол қўйиш, мунтазам равишда масжидга бориш, расмий тадбирларда спиртли ичимликлар ичмаслик ёки чўчқа гўшти истеъмол қилмаслик, ҳажга бориш ва ҳ.к. ); чет элда доимий яшайдиган қариндошлари бор; кўпинча мусулмон мамлакатларга чет элга саёҳат қилиш; терроризм ёки экстремизмда айбдор деб топилганлар билан ҳеч бўлмаганда бирон бир муносабатларга эга бўлиш; оиладаги аёлларнинг ишлашига ва болаларнинг давлат мактабларига боришига йўл қўймаслик; хитой тилини яхши билмаслик; учдан ортиқ фарзанди бор бўлишлик.

Албатта, буларнинг ҳеч бири ноқонуний бўлмаган, аммо Хитойда “социалистик қонунлар” амал қилади. Одамларни тўғридан–тўғри кўчалардан олиб кетишга сабаб қилиб эса “экстремизмга мойиллигини намойиш қилганликлари учун”  муддатсиз “қайта таълим марказларига” жўнатишган. Маҳбусларнинг ҳикояларига кўра, ҳақиқатан ҳам улар ўқитилади ва тарбияланади: кун режимлари уйқудан, овқатланишдан ҳамда хитой тилини, ХХР қонунларини ва энг оддий (тикувчилик, пазандалик, сартарошлик ва ҳоказо) мутахассисликларни ўрганишдан, жисмоний тарбия шунингдек, сиёсий маълумотлар олишдан иборат. Лагерларнинг собиқ маҳбуслари асосан уларга нисбатан жисмоний зўравонлик қўлланилганлиги ҳақида гапиради: уйқусиз қолиш, калтаклаш ва вазифаларни бажара олмаган тақдирда қўшимча жисмоний машқлар. Маҳбусларнинг озчилиги эса зўрлаш, қийноққа солиш, турли дорилар билан мажбуран озиқлантириш ва ҳатто стерилизация қилиш тўғрисида хабар берган.

Лагердаги энг ёмон нарса, уларнинг фикрига кўра, одам қачон уни тарк этиши мумкинлигини мутлақо билмаслигидир: маҳбус “ўзини қайта тарбиялаган” деган қарорни лагерь маъмурлари қабул қилади. Баъзилар «дастур»ни бажаришга ва 3-4 ой ичида ўзларининг ишончлилигини исботлашга муваффақ бўлишган, баъзиларни эса қариндошлари 2017 йилдан бери кутишмоқда.

Ғарбдаги кўплаб сиёсатчиларнинг фикрига кўра  ХХРга салбий муносабатнинг шаклланиши, айнан уйғурларнинг таъқиб этилиши сабаб бўлди ва “Хитой Коммунистик партиясининг асл моҳияти”ни дунё ҳамжамияти олдида очиб берди.

2017 йилда Хитой ҳукумати лагерлар мавжудлигини инкор этди, 2018 йилда уларни ҳеч қандай билимга эга бўлмаган деҳқонлар (аслида эса уйғурлар назарда тутилган) учун ижтимоий фойдали кўникмаларни ўрганишлари мумкин бўлган “касб-ҳунар таълими ва қайта тайёрлаш марказлари” форматида тан олдилар, 2019 йил бошида эса ХХР маъмурияти томонидан минтақага экскурcиялар уюштирилди.(ёдингизда бўлса биздаги “баъзи журналистлар” ҳам бориб рёпортажлар тайёрлаб қайтишган эди)

Меҳнат сизни садоқатли қилади

2018 йил ўрталаридан бошлаб уйғурлар нафақат қайта ўқитилаётгани ҳақида хабарлар кўпайди: “уларни ишлашга мажбур қилишмоқда ва бозор учун маҳсулот ишлаб чиқаришмоқда.” Юқоридаги маълумотлар Австралия стратегик сиёсат институти ҳисоботида келтирилган бўлиб, Хитойни Шинжоннинг ўзида пахта плантацияларида уйғурлардан фойдаланганликда, шунингдек, ХХРнинг бошқа минтақаларига 80 минг кишининг “ишчи кучини экспорт қилгани” да айблаган. Бундан ташқари, тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Уйғурларнинг иш кучи 82 та жаҳон брендларининг ишлаб чиқариш занжирларига киритилган фабрикаларда ишлатилган, шу жумладан Apple, GAP, Lacoste, Siemens, Toshiba каби брендларда. Баъзида уйғурлар фабрикалардаги алоҳида қўриқланадиган ётоқхоналарга жойлаштирилган, баъзида улар учун алоҳида устахоналар қурилган, қоида тариқасида, ҳисоботдаги маълумотларга кўра, тиканли симлар билан тўсиқлар ва пулемёт қуролли миноралар билан ўралган.

Олиб борилаётган бундай жараёнлардан ХХР ҳукумати ҳеч қандай муаммо кўрмаяпти. Масалан, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Ахборот бюросининг 2020 йил сентябрь ойида эълон қилинган ҳисоботида буларнинг барчаси “бандликка оид фаол сиёсат” деб номланган. “Шинжон ҳукумати иш топишда қийналаётган одамларга манзилли ёрдам кўрсатди”, деб ёзади ҳисобот муаллифлари.

Никоҳ ўқиш маросими ман қилинмоқда

Ҳуқуқ фаолларининг билдиришича, Шинжонда никоҳ ўқиш маросими ман қилинмоқда.

Ўтган йили турмуш қурган уйғур эр-хотиннинг “Америка овози”га билдиришича, турмуш қурганлик ҳақида гувоҳномани олгандан сўнг диний никоҳ маросимини ўтказмасликка мажбур бўлишган. “Диний эркинлик Конституцияда белгиланган. Лекин, диний маросимларни амалга оширгудек бўлсак, “қора рўйхатга” тушишимиз аниқ. Тўйда никоҳ ўқиш тадбири диний экстремизмга қиёсланади, лагерларга жўнатилишимиз мумкин”, – деб айтган шахсини ошкор этмасликни сўраган жуфтлик.

Ҳуқуқ фаолларининг билдиришича, нафақат никоҳ ўқиш, балки жаноза ва ўғил болаларни суннат қилиш маросимлари ҳам тақиққа тушган.

Ҳуқуқ ташкилотлари масжидлар ҳам бузиб ташланаётганидан хавотир билдириб келмоқдалар. Халқаро ташкилотларнинг ҳисоботларида келтиришича, шу пайтгача 16 минг, яъни 65 фоиз масжидлар бузиб ташланганлиги тўғрисида amerikaovozi томонидан маълумот берилмоқда.