Алвидо Диего Армандо…

Мен Аргентина термаси, “Наполи” ёки “Барселона” ёки на Марадона мухлиси бўлмаганман.

Менинг телевизорда кўрган биринчи жаҳон чемпионатим Марадона ёш юлдуз сифатида келаётган Испания-82 бўлган. Лекин у бундан 4 йил аввал  жаҳон чемпионатида дебют қилиши ва муносиб ғалабага ҳисса қўшиши мумкин бўлган вазиятда бир ёмон мураббий амаки уни бундан маҳрум қилган. Барча ҳисоб-китобларга кўра, 1978 йилда 18 ёшли Марадона Аргентина терма жамоаси учун тайёр футболчи бўлган ва у чемпионатда юлдуз бўлиши керак эди. Ёш футболчини  фаолиятини бундай бошланишини кўпчилик Пеле билан таққослаганди. Аммо мураббий Сезар Луис Менотти бундай ҳисобламаган. Натижада, Марадона бир йилдан сўнг ёшлар ўртасида жаҳон чемпионига айланиш учун терма жамоадан ташқарида қолди. Айтганча, финалда собиқ иттифоқ терма жамоаси мағлуб этилганди.

Натижада, Марадона 1982 йилда Испанияга порлаётган юлдуз даражасида келиб, чемпионатни мағлуб бўлганлар қаторида тарк этди. Албиселеста аввалги Жаҳон чемпионатлари очилиш учрашувлари анъанасини бузиб зерикарли Бельгияга ютқазди, сўнгра кетма-кет бўлажак жаҳон чемпиони Италия ва мусобақанинг энг яхши жамоаси Бразилиядан мағлуб бўлди. Марадона эса Венгрияга урган икки голи ва сўнгги ўйинда Батистага қилган қўполлиги учун қизил карточкаси билан эсда қолди.

Марадонанинг портрети одатий – асаблари бузилган ёш истеъдод бўлиб чиқди. Икки йил ўтиб, Марадона “Билбаодан келган қассоб” Андони Гойкоэчеанинг қўполлиги қурбонига айланди ва энди бутун дунёнинг ҳамдардлиги жиддий жароҳат олган Диего томонида эди.

У сафга қайтди ва Мишел Платини билан жаҳонни энг яхши ўйинчиси унвонидаги баҳсни ҳал қилиш учун Мексикадаги Жаҳон чемпионатига келди. У вақтлар “Олтин тўп” фақат европаликларга берилар, аргентиналик ва европалик орасида энг яхшисини фақатгина субъектив фикр асосида танлаш мумкин эди. Гарчи бугунги кунда бошқа бир аргентиналик ва «Ювентус» футболчиси ўртасидаги энг яхшини аниқлашда уларнинг ҳар биридаги “Олтин тўп” сонидан бошқа объектив мезонлар пайдо бўлгандир.

AP Photo/Carlo Fumagalli,

Шундай қилиб, Марадона ва Платини тўқнашуви сифатида кутилган 1986 йилги Жаҳон чемпионати Марадонанинг бенефисига айланди. Диего учун Мексикада ўтказилган еттита ўйиннинг энг яхшиси Англияга қарши чорак финал учрашуви бўлди. Умуман олганда, айнан шу ўйин Марадонанинг ҳаётини ифолайдиган энг яхши хулосадир. Биринчидан, 51-дақиқада Диего қўли билан машҳур голини урди, кейинчалик у: “Агар бу қўл бўлса, бу Худонинг қўли эди” –  деди. Тўрт дақиқадан сўнг Марадона майдоннинг ярмидан дриблингни бошлаб англияликларнинг тўрт ҳимоячисини алдаган ҳолда (Терри Батчерни – икки марта), “Аср голи” ни урди.

Мана шу тўрт дақиқада Марадона мўъжиза яратди. Унинг феномени ҳам шу эди. Наркотикларга ружу қўйган, очкўз, ўз ҳаётини ва истеъдодини беҳуда сарфлаётган, футбол даҳоси Диего Армандо Марадона.

Энди у йўқ

У ўз ҳаёт тарзи билан умрини қисқартирди. Аммо у доим шу лаҳза билан, иштиёқ билан яшашни афзал кўрарди. У шундай кетди, шундай бўлиб эсда қолади.

Унинг ҳаётида 1990 йилги Марадона чўлоқ Аргентина терма жамоасини судраб борган Жаҳон чемпионати бўлган. Дўсти Гойкоэчея – дарвозабон Серхио билан бирга ҳаракат қилгандилар. Улар Албиселестени финалгача тортиб чиқишди, аммо немис машинасига мағлуб бўлдилар.

Айнан ўша Жаҳон чемпионатида биринчи марта трансляция пайтида графикадан фойдаланиш бошланди, ўйин вақти ва қоидабузарликларни ҳисобланди. Маълум бўлишича, футболчилар ҳар бир учрашувда тахминан 2 дақиқа 30 сония давомида тўпга эгалик қилар эканлар, Марадонага нисбатан эса ҳар бир ўйинда камида 10-12 марта қоида бузилган. Яъни, Марадона тўпга эгалик қилган вақтининг ҳар 10-15 сониясида оёқларига зарба олган.

Унинг ҳаётида  допинг қабул қилгани учун ҳайдалган 1994 йилги Жаҳон чемпионати,  мураббий сифатида иштирок этган 2010 йилги Жаҳон чемпионати ҳам бўлди. Лекин, мураббий Марадона футболчи Марадонанинг муваффақиятини такрорлай олмади.

Аммо, буларнинг барчаси фақат узоқ ҳаёт йўлидаги белгилар эди. Марадонанинг фаолиятидаги энг ёрқин ўйини 1986 йилдаги Мексика майдонларида қолади.

Алвидо Диего Армандо…

Алишер Никимбаев