Жинсий тарбия: у қандай бўлиши керак?

Соғлом ҳаёт кечиришимиз учун ҳар биримизда тиббий маданият даражаси юқори бўлиши лозим. Зеро, касалликка чалинмасликни ҳамма ҳам истайди, фақат унинг профилактикаси ҳақида етарли билимга эга бўлиш саломатлик гарови эканини кўпчилик англаб етавермайди.

ЮНЕСКОнинг Глобал Таълим Мониторинги ҳисоботидан олинган статистик маълумотлар шуни кўрсатадики, оналарнинг таълим даражаси фарзандлар саломатлигини, улар тўғри овқатланишини ва ўз вақтида эмланишини таъминлайди. Шу билан бирга болалар ўлими, оналар ўлими ва ОИТС касаллигини камайтиришда ҳам ёш оналардаги тиббий билим муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги кунда эрта турмуш қуриш ва ўсмир ёшдаги ҳомиладорлик муаммоси кўпчиликни безовта қилмоқда. Чунки эрта туғруқ аёлда ўлим хавфини оширади, шунингдек, она ва боланинг саломатлиги билан боғлиқ муаммоларга сабаб бўлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда Жаҳон банки маълумотларига кўра, ўсмирлар ўртасидаги ҳомиладорликнинг энг паст кўрсаткичлари (2017 йилги маълумотларга кўра) 15-19 ёшдаги ҳар 1000 нафар қизга Шимолий Кореяда – 0 (тўлиқ маълумотлар йўқлиги сабабли), Корея Республикасида – 1, Хитой ва Швейцарияда – 3, Дания ва Сингапурда – 4, Бельгия, Франция, Италия, Люксембург, Швеция, Норвегия ва Кипрда эса 5 тадан тўғри келар экан. Энг юқори кўрсаткичлар Африка давлатларига тўғри келиб, биринчи учталик Нигерия (187), Мали (169), Чадга (161) тегишли. Ушбу манбада Ўзбекистондаги ҳолат ҳам қайд этилган: 15-19 ёшдаги ҳар 1000 нафар қизга 24 та эрта туғруқ тўғри келади.

Хотин-қизлар қўмитаси тақдим этган маълумотларга кўра, 2019 йилнинг 10 ойида, Ўзбекистондаги 650 минг туғруққа 105 та эрта туғруқ тўғри келган. Бунда эрта она бўлганлар ёши 17 ёшгача ҳисобланади. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги маълумотларида эса 2020 йилнинг ўтган олти ойи давомида 14-17 ёшли қизлар орасида 84 та эрта туғруқ ҳолати қайд этилган.

Хўш, ўсмирлар орасидаги эрта ҳомиладорлик сабаблари нимага боғлиқ? Бугун қайси давлатда бундай ҳолатлар кам учрамоқда?

Афсуски, мамлакатимизда эрта туғруқлар сони аниқланади-ю, ушбу муаммонинг сабаблари чуқур ўрганилмайди, таҳлил қилинмайди. Бу – менталитетимизда хижолатли мавзу. Ваҳоланки, мазкур масаланинг туб илдизига етиб бориш бугуннинг долзарб вазифаси бўлиши лозим.

Ёшлар балоғатга етар экан, жинсий муносабатлар ҳақида ноаниқ, салбий ва чалкаш хабарлар қуршовида қолмоқда. Уларни қизиқтирган мавзуда интернет саҳифалари ёки таниш-билишлардангина маълумот олиш мумкин. Бу эса жинслар ўртасидаги фарқларнинг меъёрий физиологик ҳолат эканини тушунишда қийинчилик туғдиради. Бундан ташқари, ёшлар оилавий ҳаёт, туғруқни режалаштириш, контрацептив воситалардан тўғри фойдаланиш ҳақида кам билишади.

Тадқиқотлардан маълум бўлишича, Голландия, Германия ва Франция сингари давлатлардаги мактаб дастурларидан жинсий тарбия мавзуси алоҳида ўрин олгани боис, ўсмирларнинг ҳомиладор бўлиши ҳолатлари деярли учрамайди. Шунингдек, Швеция, Дания, Белгияда ҳам бу масалага жиддий ёндашилади. Мазкур мамлакатларда тўғри йўлга қўйилган жинсий тарбия, жамиятдаги гендер роллар, гендер тенглиги масаласига тўғри муносабат туфайли мунтазам ижобий кўрсаткичлар қайд этилмоқда.

Афсуски, юртимизда ҳозирга қадар мактаб ўқув дастурларига жинсий таълим киритилмаган. Ўспиринлар орасида эрта жинсий алоқа ва бу билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлса-да, очиқ айтилмайди. Оила муҳитида ҳам фарзандларга бу борада тўғри тушунча берилмайди. 

Кўча-кўйдан олинган ҳар бир нотўғри маълумот ёшлар орасида хатарли хатти-ҳаракатлар юзага келишига сабаб бўлиши мумкин. Порнография, жинсий зўравонлик ва унинг оқибатидаги эрта ҳомиладорлик кабилар шулар жумласидандир.

Олий Мажлис Сенати ва Гендер тенглиги масалалари бўйича комиссия раиси Танзила Норбоева 12 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида болалар боғчасидан тортиб, то олий таълим муассасаларигача – ҳар бирида жинсий тарбия зарурлиги ҳақида гапирди. Сенат раиси жинсий тарбия масаласи Ўзбекистонда ёпиқ мавзу эканлиги, ота-оналар фарзандларига бу мавзуда мутлақо сўзламаслиги, аслида, жинсий тарбияни болаликдан олиб бориш кераклигини алоҳида таъкидлади. Лекин Т.Норбоевани барча бирдек тўғри тушунди ва мазкур масаланинг аҳамиятини англади, деб айтиб бўлмайди. Интернет саҳифаларида бу мавзу юзасидан билдирилаётган негатив фикрлар бунинг яққол тасдиғидир.

Жинсий тарбия динга тўғри келмайди, масалан, исломда жинсий тарбия йўқ, деган маънодаги гап-сўзлар хусусида бироз тўхталсак. Маълумки, аёллар пайғамбаримиз (САВ) яшаган даврда ҳам жинсий масалаларда у кишининг ҳузурига келиб, маслаҳат олишган. Ислом фиқҳ китобларида жинсий онг, жумладан, ҳайз кўриш, туғруқда қон кетиши, ҳомиладорлик, туғиш, никоҳ, ғусл, жинсий алоқа қоидалари, жинсий аъзодан суюқлик ажралиши каби мавзулар батафсил очиб берилган. Айни мавзулар жинсий тарбиянинг асоси ҳисобланади.

Одатда, бирор динга мансублик шу инсоннинг, албатта, жинсий алоқадан тийилиши кераклигини англатмайди. Амалда кўришимиз мумкинки, христиан дини бўладими, ислом диними ё бошқа бир дин, бундан қатъий назар, жинсий алоқага нисбатан чекловлар қўйилиши доим ҳам натижа бермаган. Чунки одамлар диний мажбуриятларни ҳамиша ўз ўрнига қўйиб бажараверишмайди. Ҳатто қатор мусулмон давлатларда ҳам ОИВ ва ОИТСга чалинганлар кўплиги бунинг исботидир. Масалан, Африканинг 38 мамлакатидаги мусулмонлар орасида ўтказилган тадқиқотлар бу давлатларда ОИВ тарқалиши кўплигини кўрсатган. Танзаниялик христианлар ўртасидаги яна бир тадқиқот натижаси шуни кўрсатганки, беморларнинг диний эътиқоди уларнинг пала-партиш жинсий ҳаёти ва натижада ОИВга чалинишига тўсиқ бўлолмаган.

ОИВ/ОИТС касаллигининг тарқалиш даражаси бўйича мамлакатлар рўйхатига қарасак, бу рўйхатда, асосан, Леcото, Свазиленд, Ботсвана каби Африка давлатлари юқори ўринда туради. Швейцария, Буюк Британия, Португалия, Германия каби давлатлар эса бу борада энг паст ўриндадир. Чунки мазкур мамлакатларда жинсий тарбия тўғри йўлга қўйилган.

Жинсий таълим жамиятдаги бошқа муаммоларни ҳам ҳал этишга ёрдам беради. Негаки, унда стереотипик гендер меъёрларини ўзгартириш, репродукция, инфекциялар, жинсий яқинликка розилик икки тарафлама бўлиши ва аёлларга нисбатан зўравонликка йўл қўймаслик кераклиги ҳақида тушунарли маълумотлар берилади.

Бугун жаҳондаги ёшларнинг атиги 34 фоизигина ОИТСнинг олдини олиш ва мазкур касаллик юқишига сабаблар ҳақида билимга эга. Айрим мамлакатларда ҳар уч қиздан икки нафари илк бор ҳайз кўрганда нима бўлаётганини тушунмайди.

Кўпинча, жинсий таълимдаги маълумотлар, хусусан, контрацепция воситасидан тўғри фойдаланишни ўргатиш ёшларни эрта жинсий ҳаёт бошлашга ундайди ва тўғри йўлдан адаштиради, дея хавфсирашади. Лекин ЮНЕСКО ўтказган тадқиқотда жаҳоннинг 87 давлатидаги амалиёт кўриб чиқилган ва жинсий тарбиянинг хулқ-атворга таъсири ҳақида қуйидаги хулосага келинган:

  • дастурларнинг ҳеч бири ёшларда эрта жинсий алоқа бошланишига таъсир этмаган;
  • дастурларнинг ¾ қисми ёшларда жинсий ҳаёт бошлашга иштиёқни кучайтирмаган;
  • дастурларнинг учдан бири ёшларда жинсий алоқа сони пасайишига олиб келган;
  • дастурларнинг ¾ қисмидан кўпроғи жинсий шериклар сони камайишига олиб келган;
  • бирор дастур жинсий шериклар сони кўпайишига олиб келмаган.

Жинсий таълим ёшларни жинсий алоқага ундамайди. Аксинча, қарама-қарши жинс ҳақида тўғри тушунчаларни шакллантириш, қизларнинг эркакларга алданиб қолмаслиги, йигитларнинг эса аёллар ва қизларга нисбатан ҳурмат билан қараши учун уларга кенг тушунча бериш мақсадида ташкиллаштирилади.

Қуйидаги муҳим далиллар жинсий таълимнинг ижобий таъсиридан далолат беради:

  • Жинсий тарбия ёшларнинг жинсий ва репродуктив саломатлик тушунчаларини бойитишга олиб келади;
  • Жинсий тарбия – мактаб ёки ундан ташқарида – жинсий фаолликни, ОИТС / ОИВ инфекцияси билан боғлиқ хатарларни, эрта ҳомиладорлик даражасини камайтиради;
  • Жинсий тарбия фақат мактаб дастурларида эмас, балки оилада, яъни ота-оналар ҳам унда иштирок этса кўпроқ самара беради.

Мактаб, университет ва коллежларда ёшлар учун жинсий таълимнинг барча жиҳатларини қамраб олувчи ўқув дастурлари яратилиши зарур. Бундай дастурларнинг амалиётга татбиқ этилиши эрта туғруқ билан боғлиқ муаммоларни камайтиришга хизмат қилади. 

Мактаб дастурларидан ташқари ёшларга маълум хатти-ҳаракатларнинг зўравонлик аломати эканлиги ва ноинсоний белгиларини тушунтириш лозим. Қолаверса, баҳс-мунозара шаклидаги давра суҳбатларини ташкил этиш, менталитетимизга мос реклама роликларини тайёрлаш, китоб ва йўриқномалар чоп этиш зарур.

Ота-она ва фарзандлар ўртасидаги ўзаро ишонч мустаҳкам бўлиши керак. Болалар ота-онаси билан бирор масала юзасидан тортинмай гаплашишга одатланиши лозим. Жинсий тарбия жинсий ҳаёт ҳақидаги нотўғри тушунчаларга эга бўлмаслик учун энг муҳим воситадир. Бу каби дастурлар ёшларимизни тўғри фикрлашга ўргатиб, уларнинг масъулият ҳисси кучайишига, жинслар ўртасидаги фарқлар тушунилишига, оилавий ҳаётдаги муайян ҳақ-ҳуқуқларни билишга, жинсий алоқа борасида тўғри қарор қабул қилинишига олиб келади.

Лўнда қилиб айтганда, жинсий таълим ОИТС ва ОИВ, шунингдек, жинсий йўл билан юқадиган бошқа касалликлар, эрта ҳомиладорлик, зўравонлик, гендер тенгсизлиги каби муаммоларнинг олдини олишда муҳим роль ўйнайди. Лекин шунга қарамай, Ўзбекистон ёшлари ҳануз жинсий тарбия олиш имконига эга эмас. Муаммо мавжудлигини кўра-била туриб, ҳал этмаслик, унинг кўлами янада кенгайишига сабаб бўлади. Энг ёмони, тузатиб бўлмас салбий оқибатларга қарши бесамар курашишга тўғри келиши ҳам мумкин.

Малика Шарипова корпоратив ижтимоий масъулият ва барқарор ривожланиш бўйича мутахассис, CARE CSR консалтинг компанияси раҳбари