Элбасининг кенжа қизи қозоғистонликларга мурожаат қилди

Алия Назарбоева “Адам Бол” мукофотини таъсис этди ва қозоғистонликлардан муҳим ишлар қилган инсонлар ҳақида айтиб беришларини сўради.

“Қозоғистонда илгари бундай мукофотлар бўлмаган. Ушбу лойиҳада мамлакатимизнинг ҳар қандай фуқароси ўзининг инсонпарварлик иши ҳақида: одамларни, ҳайвонларни, табиатни қутқариш тўғрисида ёки ўз ресурслари ёрдамида ижтимоий аҳамиятга эга тадбирни ташкил этиш тўғрисида ва эҳтимол муҳтожларга ғайриоддий ёрдами ҳақида айтиб бериши мумкин. Биз биламизки, бундай одамлар камтар ва ўзлари ҳақида гапиришлари даргумон. Шунда сиз, уларнинг қариндошлари, танишлари, дўстлари, қўшнилари, ҳамкасблари, бу кичик, аммо жуда муҳим инсоний ҳаракатлар тўғрисида бизга хабар беринг», – деб ёзган Назарбоева.

Мукофот ҳар кимга бутун мамлакат бўйлаб таниқли бўлишига ва бошқа одамлар учун энг яхши ўрнак бўлишига имкон беради.

Мазкур лойиҳага аризаларни қабул қилиш бошлаб юборилган. Тафсилотлар ва барча қоидалар билан алоҳида танишиб чиқишни истасангиз мана бу ҳаволадан маълумотлар олишингиз мумкин.

Энди, бироз, бу хабарга ижтимоий тармоқлардаги жамоатчилик фикрларини ҳам келтириб ўтсак: “кенжа қизнинг халқ пулига амалга оширадиган лойиҳалари бошланди”, “бу халқни меҳрини қозониш учун олиб борилаётган PR акция”, “лойиҳага тикилган маблағни шунчаки халққа тарқатиб чиқинг бўлди”, “оддий ишчининг ойлик маошга яшаётгани ўзи қаҳрамонлик” каби негативдан иборатлар изоҳлар қолдирилмоқда.

P.S. Шу ота-онаси катта (юқори) мансабда ўтирган оилаларнинг фарзандлари бирор лойиҳа ёки бирор иш қиламан деса жамоатчилик томонидан нуқул эътироз ва танқидларга учрайверади а?

Сизлар қандай фикрдасизлар?